Жамият | 11:09 / 21.03.2021
11361
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда тадбиркор автотураргоҳ қуриш учун археологик ҳудуддан тупроқ қазиди. У жавобгарликка тортилиши мумкин

Ижтимоий тармоқларда журналист Сарвар Тўраев Варроқ Термизийнинг қабри ва унинг атрофида машиналар тураржойи қуриш учун тадбиркорга маҳаллий мутасаддилар рухсат ва ваколат бергани ҳақида пост қолдирган.

Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги

Журналист Эски Термиз ҳудудида Варроқ Термизийга тегишли бўлган қабр ва унинг атрофидаги қадимий манзиллар ўрни бузиб ташланаётганини билдирган.

Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби алломалар Варроқ Термизийнинг қабри Термизда эканлигини, бу буюк зот Имом Абу Исо Термизийнинг тоғаси бўлганини ёзиб қолдирган.

Ушбу ҳолат бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабат билдирди. 

Муносабатда билдирилишича, «Термиз туманидаги «Қоратепа», «Фаёзтепа», «Термиз шоҳлар» саройи каби ўнлаб жаҳонга машҳур обидаларни қамраб олган «Эски Термиз» археологик ҳудудининг 500 гектарлик умумий ер майдони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан давлат муҳофазасига олинган.

Археологик ҳудуднинг оператив бошқариш ҳуқуқи Термиз давлат музей-қўриқхонасига топширилган бўлиб, ҳудудда қурилиш, таъмирлаш, текислаш ва бошқа ишларни амалга ошириш қатъиян ман этилган.

IX-X асрларда яшаб, фаолият кўрсатган улуғ аллома Абу Бакр Варроқ Термизий қабри ҳам ушбу археология ёдгорлиги ҳудудида жойлашган бўлиб, Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим ўрин эгаллайди.

Аммо, Термиз шаҳрида фаолият кўрсатаётган «Complex Technical Services» МЧЖга «Автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, автомобилларга сиқилган газ қуйиш компрессор станцияси ҳамда автотранспорт воситаларининг замонавий савдо мажмуаси» қуриш учун Термиз тумани «Янгиобод» маҳалласи ҳудудидаги туман захира фондидан 10 гектар яйлов ер майдони ажратилган.

Жорий йилнинг 19 март куни олиб борилган ўрганишлар давомида ўзига ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини амалга ошириш учун МЧЖ томонидан 100 метр узоқликда жойлашган муҳофаза ҳудуднинг чегара қисмидан ўзбошимчалик билан тупроқ қазиб олиш ишлари олиб борилаётгани аниқланди.

Ҳозирда «Эски Термиз» ҳудудидан тупроқ қазиб олиш ишлари тўхтатилган. 

Варроқ Термизий мақбарасига туташ ёдгорликларга қисман зиён етган. Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объекти ва унинг муҳофаза ҳудудида ноқонуний ишларни олиб боргани учун «Complex Technical Services» МЧЖга нисбатан ўрнатилган тартибда қонуний чора кўриш бўйича вилоят прокуратурасига ҳужжатлар тақдим этилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид