22:34 / 25.03.2021
40567

Нурсултон Назарбоев набирасининг ўлими сабаби маълум қилинди

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон Назарбоев кокаин моддасига қарамлик оқибатида келиб чиққан табиий сабабларга кўра вафот этган. Аввалроқ Ойсултоннинг ўлимига юрак тўхташи сабаб бўлгани айтилганди.

Фото: aisultan.nazarbayev / Facebook

Назарбоевлар оиласи вакилларининг таъкидлашича, бундай хулосага Ойсултоннинг ўлими сабабларини тергов қилган Ғарбий Лондон коронери Фиона Уилкокс келган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари гувоҳлар, полиция ва руҳшунос кўрсатмаларига асосланиб, Назарбоевнинг набираси ўлимида зўравонлик аломатлари йўқлиги ва у гиёҳванд моддаларга қарамлик билан боғлангани ҳақидаги хулосага келишган.

“Бизни охирги 6 ой давомида қўллаб-қувватлаган барчага ва терговни адолатли ўтказган коронерга миннатдорлик изҳор этамиз”, деб айтилган Назарбоевлар оиласи баёнотида.

Ойсултон Назарбоев 2020 йил августда 30 ёшга тўлишига 10 кун қолганда Лондонда вафот этганди. Ўшанда унинг ўлимига юрак тўхтатиши олиб келгани айтилганди. Кейинроқ Ойсултоннинг ўлимини унинг онаси, Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева тасдиқлаганди.

2019 йил октябрда Лондондаги суд Ойсултонни ўзганинг мулкига ноқонуний кириш ва полиция билан муштлашуви учун шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум этганди. 

2020 йил февралда Ойсултон фейсбукдаги аккаунтида ўз хавфсизлигидан хавотирланиб, Британияда сиёсий бошпана берилишини сўраганини ёзган. У Қозоғистон раҳбариятини коррупцияда айблаган ва оиласи аъзолари томонидан унга босим ўтказилаётганини айтган.  

Қозоғистонда бунга жавобан Ойсултон бундай постлари билан бобоси Нурсултон Назарбоевни ёмонотлиқ қилишга уринаётгани айтилган. Ўшанда Қозоғистон ахборот вазири Даурен Абаев Ойсултоннинг бу постлари унинг гиёҳвандликдан даволанаётганидан фойдаланаётган муайян одамлар таъсири остида ёзилганини айтган.

Top