Жамият | 19:00 / 28.03.2021
18866
3 дақиқада ўқилади

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор: Сариосиёликлар Харкуш дарёсидан саросимада

Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳудудидаги бир қатор маҳаллалар ичидан оқиб ўтувчи Харкуш дарёси аҳолига хавф туғдираётгани борасида мурожаат келиб тушди.

Форс-тожикчадан таржимаси «эшак ўлдирувчи» маъносини берувчи дарё нафақат эшакларнинг, бир неча йилдан буён тумандаги Боғистон, Дўстлик, Жаннатмакон, Янги ҳаёт, Эркин, Меҳр-шафқат ва Ёқутли маҳаллалари аҳлининг молига, жонига хавф солиб келади.

Аҳоли баҳор фаслида осмонга булут тўпланса юрак ҳовучлаб қолади. Чунки кўп йиллардан буён кутилмаганда сел келиб, дарё ёқасида истиқомат қилаётган аҳолининг уй-жойлари, экин-текинларига талафот етказади.

Сариосиё туман ирригация бўлими бошлиғи Равшан Турдиевнинг билдиришича, Харкуш дарёсида баҳор мавсумида секундига 100 куб метр сув оқиб ўтади.

Албатта, бундай катта миқдордаги сув сой ўзанига сиғмайди. Сел тошқинидан нафақат аҳоли, фермерлар ҳам катта зиён кўради.

Лекин бу масала селларни келтириб чиқарувчи баҳорги ёмғирлар мавсумида бир кўтарилади, кунлар исиб кетгач, хавф чекингач мутасаддилар ҳам «унутишади», одамлар ҳам бошқа юмушларига ғарқ бўлишади.

Масалан, сел тошқинининг олдини олиш мақсадида 2020 йилда ушбу сойни 13,5 км қисмини қазиш, қирғоқларини мустаҳкамлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, тегишли ташкилотлар томонидан тасдиқланган.

Бу ишларнинг барчаси 2020 йилнинг иккинчи чорагида бошланиши керак эди. Аммо карантин сабаб сойни қазиш, таъмирлаш ишлари амалга ошмай қолди.

Одамлар эса ҳаётини хавфдан асраш учун турли идораларга кўплаб мурожаатлар қилиб юришибди.

Селнинг олдини олиш мақсадида одамлар халталарга қум тўлдириб қирғоқларни мустаҳкамлайди. 2019 йилда келган сел учта уйни қулатиб, бир неча хонадонни вайрон қилган.

Баҳорнинг серёғин кунлари бошланиши арафасида аҳолининг саросимаси ортаётганини тушунса бўлади. Сурхондарёдаги мутасаддилар албатта Харкуш дарёсининг қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича бошланган хайрли ишни охирига етказишлари керак. Токи, аҳолининг молига ва мулкига талафот етмасин.

Ўйлаймизки, вилоят ҳамда тумандаги мутасаддилар ушбу вазият юзасидан ўз расмий муносабатлари, қиладиган ишлари режаларини тақдим этишади. Kun.uz ушбу мавзуга яна қайтади.

Сирожиддин Мамажонов,
Kun.uz мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид