Жамият | 12:05 / 28.03.2021
52486
6 дақиқада ўқилади

Ўсмирлар тарбияси: Болани бошқариш усуллари, хатолар ва хулосалар

Психолог Розалия Габдулҳакова Kun.uz'га берган интервьюсида ўсмирлар руҳияти ва улар билан муносабатда ота-оналар дуч келадиган муаммолар ҳақидаги қатор саволларга жавоб берди.

Бола ўсмирлигида мустақил қарор қабул қилишни ўрганмаса, катта ҳаётда ҳам уни кимдир бошқариши керак бўлади

Ўсмирлик йиллари – ота-оналар учун ҳам, болалар учун ҳам мураккаб давр. Бу ёшда фарзандлар ўз фикрини энг тўғри деб ҳисоблашади. Ота-оналар ҳам кичкинтой деб ҳисоблаб юрган боласининг энди ўз фикрини, ўз қарашларини аён қилишларини қабул қилишлари қийин бўлади. Айниқса, фақат боласининг ғамида яшайдиган оналарда бу жараён қийин кечади. Бунда улар ўзларини худди энди боласига кераксиз бўлиб қолгандай ҳис қилишлари мумкин.

Болалар ҳам ўзларини ақлан катта бўлгандай ҳис қилишса-да, моддий ва жисмоний жиҳатдан ота-онага тобе бўлиб қолаверади. Барча тушунмовчиликлар шундан келиб чиқади.

Ўсмир болалар учун ўзидан бошқа ҳамма ноҳақ. Агар ота-онаси томонидан унинг фикри рад этилса, бола бу фикрда янаям қатъийлашади. Бундай вазиятда ота-оналар унинг фикрини ҳурмат қилишларини сездиришлари ва шунинг баробарида ўйлаган қарорларининг натижаси ҳақида маслаҳатлашишлари керак бўлади. Бунда болага саволлар бериш орқали уни ўйлашга ундаб, тўғри қарор чиқариш имкониятини бериш лозим.

Ҳар бир ота-она фарзандини турли муаммолардан ҳимоя қилишни истайди. Аммо ўсмир ёшда бола ўқиши, мактаби, баҳолари билан боғлиқ қарорлар қилиши ва шу қарорларининг натижасига жавоб беришни ўрганади. Шу жойда уларга эркинлик берилмаса, катта ҳаётда ҳам доимо уларни кимдир бошқариши керак бўлади.

Ўсмир ноқобил дўст танласа...

Бола дўстга муҳтож. Болани уйга қамаш ёки ким биландир дўстлашишини тақиқлаш унда янада катта қаршилик уйғотади. Фарзанди ноқобил дўст танлаган ота-она унга шундай бошқа бир жамоани ёки дўстни таклиф қилиши мумкин.

Масалан, боланинг бирга ўйнайдиган дўстларини ота-онаси ёқтирмайди. Уни ўша ноқобил боладан айириш учун, фарзандингиз у билан вақт ўтказадиган пайтни мўлжаллаб бошқа бир даврани – спорт тўгараги, қўшимча машғулот кабиларни таклиф қилиши керак. Бунда мажбурлаш ярамайди, танлаш имкониятини бериш керак – шунда бола ўзи танлов қилгандай ҳис қилишига эришиш мумкин.

Ҳар доим тарбияда хотиржам иш тутиш керак, шошилмаслик керак. Чунки бола ҳали ўзини қидиряпти – унга ўзлигини топишига имкон берган маъқул.

Агар мактабдаги дўсти ота-онага ёқмаса, дарсдан кейин мактабда кўп ҳам ушланиб қолмаслигига эришиш керак. Аммо ўсмир ёшда боланинг мактабини ўзгартириш яхши эмас, ўсмирлар янги муҳитга мослашгунча жуда қийналади.

Болага мотивация бериш учун...

Психолог Розалия Габдулҳакова

Ота-она ҳамма нарсани муҳайё қилиши болада ҳеч нарсага интилмасликни келтириб чиқаради. Барча муаммоларини ота-онаси ҳал қилиб бериши – келажакда унинг ҳаётини ҳам улар бошқаришига замин яратади. Оқибатда улар келгусида бошқаларнинг хоҳишлари билан яшашга ўрганиб қолиб, қачондир афсусланишади.

Шунинг учун ўсмирларда келажак ҳақида ўйлаш, тўғри қарор қабул қилиш учун имкон ва тушунча беришда ёрдам кўрсатиш керак. «Сен келажакда нима қилмоқчисан? Ким бўлмоқчисан?» каби саволлар болани ўйлашга мажбур қилади. Бирданига жавоб бермаслиги мумкин, аммо вақт ўтиб бу ҳақда ўйлаб кўради.

Уларга ўзи ёқтирган бирор машҳур шахсларни намуна қилиб кўрсатиш ҳам унга мотивация бериши мумкин. Аслида ота-она болага ҳамма нарсани яратиб бермаслиги, у нимагадир интилиши, орзу қилиши учун имкон қолдириши керак. Нимагадир ўз меҳнати билан эришса, у учун қадрли бўлади.

Жиноятга мойил ёки хато қилган болаларни тўғри йўлга солиш мумкин!

Ёшлигида етарлича меҳр кўрмаган болалар ўсмирликда жиноят қилишга кўпроқ мойил бўлишади. Улар буни хоҳлашмаса ҳам, ўзлари сезмаган ҳолда ота-оналари, атрофдагилар ва умуман дунё билан ўчакишиб жиноят қилади.

Бундай ҳолатларда психологлар билан ишлаш ёрдам бериши мумкин. Бундай вазиятда ота-оналар болага таъсир ўтказмоқчи бўлишлари тўғри бўлмайди, чунки боладаги бу яралар уларнинг хатоси туфайли юзага келган.

Болангиз ўқитувчисидан шикоят қилганда...

Ота-она фарзанди олдида унинг ўқитувчиси ҳақида ҳурмат билан гапириши лозим. Бу билан болада устозига нисбатан ҳурмат пайдо бўлади. Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида низоли вазият келиб чиққанда боланинг ҳис-туйғуларини ҳам эшитиш, уни доим тушунишларини англатиш яхши самара беради.

Сўнгги пайтларда шундай вазият юзага келганда бориб ўқитувчини уриб келаётган ота-оналар кўпайди. Бунда улар ютқазади, бу ҳолат оқибатида синфдошларида болага нисбатан салбий муносабат пайдо бўлиши, бола бундан кейин ҳам ўз муносабатларини шундай ҳал қилишга ўрганиши мумкин. Бу билан улар фарзандига жуда ёмон намуна кўрсатишади.

Шундай тушунмовчилик ҳолати содир бўлганда ўқитувчи билан вазмин гаплашиш ва фарзандининг руҳияти ҳақида тушунтириш, унинг синфдаги обрўсини тиклаш, ўзига ишончини орттириш учун маслаҳатлашиш керак бўлади.

Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатни яхшилаш учун болани ўша ўқитувчига қўшимча дарсларга бериш ҳам яхши натижа бериши мумкин. Бу билан бола ёқтирмаган одамлари билан ҳам муносабат қуриш мумкинлиги, ҳамма нарсага имкон топиш мумкинлигини англайди.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид