Ўзбекистон | 10:11 / 31.03.2021
6812
3 дақиқада ўқилади

Андрей Кубатиннинг ўлими ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилди

Ўзбекистонлик турколог олим Андрей Кубатин 2020 йил 29 октябр куни коронавирусдан хасталаниб, шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этганди. Унинг ўлими сабабларини ўрганишга қаратилган терговга қадар текшириш ҳаракатлари жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор билан якунланди.

Фото: KUN.UZ

Бош прокуратура расмий баёнотига кўра, жорий йил 28 январ куни “Facebook” ижтимоий тармоғида фуқаро Клара Сахарова (марҳумнинг опаси) укаси Андрей Кубатиннинг ўлимига шифокорлар айбдор экани ва уларнинг ҳаракатларига баҳо берилиши кераклиги ҳақида мурожаат қолдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, 2021 йил 28 январ куни Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент вилояти филиалига комиссион суд-тиббий экспертизаси тайинланган. 

Комиссион экспертизанинг 16-сонли хулосасига кўра, 1984 йилда туғилган А.Кубатин “COVID-19 инфекцияси, оғир кечиши, асорати икки томонлама шифохонадан ташқари интерстициал полисегментар пневмония, нафас етишмовчилиги III-даража, эндоген интоксикация, ўпка шиши, ўпка юрак қон томири етишмовчилиги 3-даражаси, ҳамроҳ гипертония касаллиги, семизлик 1-2-даражаси, шунингдек, полиорган етишмовчилик туфайли вужудга келган ўткир ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган”.

Шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасида бемор А.Кубатинга нисбатан ташхис тўғри қўйилгани кўрсатилган.

Шу билан бирга, хизмат текшируви ҳамда экспертиза хулосаларида, марҳум А.Кубатиннинг ўлимига сабаб бўлган ҳолатлар яъни - икки томонлама субтотал, интерстициал зотилжам оқибатида вужудга келган оғир даражали нафас ва юрак қон томири етишмовчилиги, тўқималар оғир даражадаги гипоксияси унинг ҳаётлик даврида 2-сон Зангиота махсус клиника шифокорлари томонидан аниқланган бўлиб, текширув ва даво муолажалари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 20 сентябрдаги 8-сон “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни профилактика, диагностика, даволаш ва реабилитацияси бўйича вақтинчалик миллий методик тавсияси”га асосан тўғри ва асосли ўтказилгани қайд этилган.

Терговга қадар текширув натижасига кўра, Зангиота туман прокуратураси томонидан 2021 йил 28 феврал куни жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Андрей Кубатин вафотига қадар (2019 йил декабрдан буён) Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида фаолият юритиб келган.

Тошкент давлат шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган ёш олим 2017 йили Жиноят кодексининг 157-моддаси (“Давлатга хоинлик қилиш”)да назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланиб ҳибсга олинганди. Ўша йили Кубатинга нисбатан 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2019 йил 26 сентябр куни Тошкент вилояти судида Кубатиннинг иши қайта кўриб чиқилган ва олим тўлиқ оқланиб, суд залидан озод этилганди

Аввалроқ, Клара Сахарованинг ноҳақ тергов ва суд қилиниши натижасида Кубатин ва унинг оиласига етказилган маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъвоси аризаси Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида кўрилиб, қаноатлантиришдан рад этилган эди.

Мавзуга оид