Жамият | 13:50 / 03.04.2021
8513
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда банк орқали тарқатилган бюджет маблағлари талон-торож қилинган

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида АТБ «Агробанк» мансабдор шахслари фермер хўжалиги раҳбари билан тил бириктириб, аҳолига наслли қорамол тарқатиш учун ажратилган маблағларни талон-торож қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Паст Дарғом туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ «Агробанк» Гўзалкент филиали мансабдор шахслари таъминотчи корхона «Г.Ч.» фермер хўжалиги раҳбари билан олдиндан тил бириктириб, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ажратилган маблағларни талон-торож қилгани аниқланган.

Жумладан, улар фуқаро Г.Ю. ва бошқалар 241,8 млн сўмлик наслли чорва молларини олгани тўғрисида сохта кредит ҳужжатларини расмийлаштириб, давлатнинг мақсадли кредит маблағларини талон-торож қилган. 

Қайд этилишича, давлат дастури доирасида ажратилган маблағларни ўзлаштирган таъминотчи корхона раҳбари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

Мавзуга оид