Судьялар ва ЙҲХ ходимларига оид жиноят иши бўйича маълумот берилди
Йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун ундирилган жарималарни кирим қилмасдан, талон-торож қилган собиқ судьялар ва судья ёрдамчилари, 7 нафар Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ собиқ ходимларига суд ҳукми ўқилган.
Жиноят иши доирасида жами 13 нафар шахс судланувчи сифатида жалб этилган. Уларнинг 3 нафари – собиқ судья, 3 нафари – собиқ судья ёрдамчилари, 7 нафари – Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ собиқ ходимлари.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабарига кўра, ЖИБ Зангиота туман судининг 2021 йил 10 февралдаги ҳукми билан, судланувчилар:
- Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а» ва «в» бандлари (жуда кўп миқдордаги ўзганинг мулкини уюшган гуруҳ томонидан ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш),
- 209-моддаси 2-қисмининг «а» ва «б» бандлари (мансаб сохтакорлиги),
- 227-моддаси 2-қисмининг «а» банди (ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан айбли деб топилган.
Хабарда судланувчиларга «тегишли жазолар тайинлангани» айтилган.
«Бир неча ой муқаддам қатор босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида пойтахт маъмурий судларининг айрим судья ва суд ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганига оид хабарлар тарқалганди. Судьялар олий кенгаши томонидан, терговга таъсир этиши эҳтимолидан келиб чиқиб, ўша пайтда уларга изоҳ ёки муносабат билдириш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган эди.
Айни пайтда судланувчиларнинг шахси ва жиноят иши тафсилотлари очиқланиши мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, ҳукм қонуний кучга кирмаган. Қонуний кучга кирмаган ҳукм бўйича судланувчиларнинг шахси ва иш тафсилотларини очиқлаш айбсизлик презумпцияси тамойилига зид ҳисобланади. Ҳукмга нисбатан судланувчилар томонидан апелляция шикояти берилган», – дейилади Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати ахборотида.
Қайд этилишча, дастлабки тергов даврида аниқланган 3 млрд 353 млн 456 минг сўм зарардан 2 млрд 991 млн 456 минг сўми қоплангани ҳукм чиқаришда инобатга олинган.
Таъкидланишича, етказилган зарар миқдори аввал хабар берилганидек 8 млрд сўм эмас, балки 3 млрд 353 млн 456 минг сўмни ташкил этади.
Жиноят иши қўзғатилгунга қадар собиқ судьялар фаолияти ўрганилиб, йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун Судьялар олий кенгаши томонидан вазифасидан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, бу жиноят ҳақида ўтган йили ноябрь ойида Олий судда бўлиб ўтган конференцияда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева маълумот берганди.
«Суднинг бир неча судьялари ва уларнинг ёрдамчилари Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт бўлими ходимлари билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги юзасидан тузилган маъмурий ишларни кирим қилмасдан, тарафлар иштирокида кўриб чиқмасдан ва айрим маъмурий ишларни қасддан йўқотиб, 5 мингга яқин сохта қарор чиқарган», – деганди у.
Мазкур иш айни кунларда судланувчиларнинг шикояти асосида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясида кўрилмоқда.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024