11:14 / 09.04.2021
10117

Йирик режаларни амалга ошириш учун Россияга мигрантлар етишмаяпти

Бир қанча рус расмийлари пандемия сабаб мамлакатда меҳнат муҳожирларига талаб юқори эканлигини бот-бот такрорлашмоқда. 

Ўтган йил давомида пандемия сабаб Россияда муҳожирлар сони сезиларли даражада камайган ва ҳозирда мамлакатда лойиҳаларни амалга ошириш учун ишчи кучи етарли эмас. Бу ҳақда Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Шунингдек, у рус халқи ўртасида муҳожирларга нисбатан норозилик кучайгани, шунингдек, мигрантларга мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида қарайдиган қатлам шакллангани ҳақида берилган саволларга жавоб бериб ўтди.

«Ростини айтганда, мен муносабатларга оид бирор бир социологик тадқиқот материаллари билан таниш эмасман. Шунинг учун мен россияликларнинг муҳожирларга нисбатан муносабати ҳақида изоҳ бера олмайман», — деди Песков.

Журналистлар томонидан бундай саволлар берилишига Россия президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Магомедсалам Магомедовнинг 2025 йилгача давлатнинг миллат сиёсати стратегиясини амалга оширишга бағишланган йиғилишда айтган сўзлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.

У муҳожирларга салбий муносабатда бўлган россияликлар сони 2020 йилда 7,5 фоизга ошганини айтиб ўтган.

Песковнинг сўзларига кўра, ишчи кучи аввало қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида етишмаётгани кузатилмоқда.

У муҳожирларнинг фарзандларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг рус жамиятига мослашиши учун шароит яратиб берилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини айтиб ўтган.

Шунингдек, Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин Россия чегараларини очса ва илгари мамлакатда ишлаган хорижликлар қайтган тақдирда ҳам, қурилишларда барибир меҳнат мигрантлари етишмаслигини айтиб ўтганди.

«Бизда қурилиш-монтаж ишлари ҳажмининг ўсиши меҳнат ресурсларига қараганда анча юқоридир. Биз илдам ўсмоқдамиз, иш ҳажмларини кўпайтиряпмиз. Чегаралар очилиши натижасида меҳнат мигрантлари қайтса ҳам, бу соҳада бизда ишчилар етишмайди», — деди у.

Бу борадаги яна бир омил россияликларнинг қурилиш соҳасидаги ишларда таклиф қилинаётган ойликка ишлашни истамаслигидир.

Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида 1,5 миллион меҳнат муҳожири мамлакатни тарк этган.

Охирги пайтларда бу борада Россия томони сезиларли ўзгаришларни амалга оширмоқда. Хусусан, Россия ички ишлар вазирлиги чет элликларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга мавжуд қонунбузарликларга қарамай, мамлакатда қолишларини қонунийлаштиришга имкон берадиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, янги қонун лойиҳаси Россия ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ўн йил муддатга вақтинчалик шахсий гувоҳномаларни беришни назарда тутадиган ҳуқуқий мақомни тартибга солишга ҳам қаратилган. Ушбу тартиб 2021 йил 24 августдан кучга кириши айтилмоқда.

Россия ИИВнинг маълумот беришича, жорий йилнинг икки ойи давомида 1 млн 84 минг киши миграцион рўйхатга олинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки бараварга кам.

Рус расмийлари анчадан бери Ўзбекистон меҳнат мигрантлари масаласида Россияга боғлиқ эканини айтиб келишади. Бир неча йилдан бери муттасил равишда рус аҳолисининг камайиб бораётгани инобатга олинса, кейинги йилларда рус ҳукумати меҳнат мигрантларини қўшимча тарзда жалб қилишга мажбур бўлиши эҳтимоли юқори.

Кўпчилик постсовет мамлакатлари (хусусан, Болтиқбўйи республикалари, Озарбойжон, Грузия, Қозоғистон)да турмуш даражаси ва меҳнатга ҳақ тўлаш Россияга нисбатан баландроқ ва яхшироқ. Аҳоли сонидан келиб чиқиладиган бўлса, Тожикистон ва Қирғизистонда меҳнат ресурслари чекланган.

Энг муқобил яхши танлов Россия учун Ўзбекистон ва унинг ўсишдан тўхтамаётган ишчи кучи бўлиши мумкин.

Top