11:46 / 13.04.2021
6097

Судьялар олий кенгаши раисига ўринбосар ва котиб тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисига ўринбосар ва кенгаш котиби тайинланди.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати маълум қилишича, президент фармонига кўра Алишер Абдухалимович Жалилов Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари этиб тайинланган.

А. Жалилов 1974 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Фаолиятини туман судининг суд мажлиси котиблигидан бошлаган. Ўтган йиллар давомида шаҳар суди судьяси, туман суди раиси, вилоят ва Олий судда судья лавозимларида фаолият кўрсатган.

Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Бойсун туман суди раиси вазифасида ишлаган.

Шунингдек, Хуршид Примқулович Содиқов ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Судьялар олий кенгаши аъзоси – кенгаш котиби лавозимига тасдиқланди.

Х. Содиқов 1985 йилда туғилган. Фаолияти мобайнида жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судида суд мажлиси котиби, бош мутахассис, Олий судда катта маслаҳатчи, бўлим бошлиғи, Чиноз тумани маъмурий суди раиси вазифаларида ишлаган.

Тайинловга қадар жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди судьяси лавозида ишлаган.

Маълумот учун, 2020 йил 7 декабрдаги ПФ-6127-сонли президент фармонига асосан Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари лавозими жорий қилинган бўлиб, шу кунгача ушбу лавозимга тайинлов амалга оширилмаган эди.

Шунингдек, юқоридаги фармон билан:

  • Турғунбой Мадаминжонович Буваев (бунгача Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида бош инспектор лавозимида фаолият юритган),
  • Жанагул Исмайловна Балкибаевa (бунгача Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида фаолият юритган),
  • Нодира Алохоновна Бобохонова (бунгача Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида фаолият юритган),
  • Маликахон Пирназаровна Каландарова (бунгача Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби кафедра мудири лавозимида фаолият юритган),
  • Отабек Турсунпўлатович Мирзамаҳмудов (бунгача Андижон вилояти маъмурий суди раиси лавозимида фаолият юритган),
  • Баҳром Низоматдинович Собиров (бунгача Ўзбекистон Республикаси президенти Администрациясида етакчи инспектор лавозимида фаолият юритган),
  • Ваҳҳобжон Абдикаримович Файзуллаев (бунгача Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимида фаолият юртган),
  • Элза Рифовна Шамсутдинова (бунгача Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимида фаолият юритган) Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи аъзолари этиб тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил августида Холмўмин Ёдгоров Судьялар олий кенгашининг раиси этиб тайинланганди. Бунгача ушбу лавозимда Убайдулла Мингбоев фаолият юритиб келган.

Top