Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарилиши 40 фоиздан кўпроққа камайди
Жорий йилнинг биринчи чорагида автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми кескин камайди. Бунга январь ойида Асакадаги заводда ишларнинг тўхтатилиши ва пандемия давридаги яримўтказгичли маҳсулотларнинг танқислиги сабаб бўлиши мумкин.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-март ойларида 44 минг 454 дона автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда 41,2 фоизга кам ҳисобланади.
Маълумот учун, 2020 йил январь-март ойларида 75 минг 635 дона автомобиль ишлаб чиқарилган.
Энг катта камайиш Spark ишлаб чиқаришда қайд этилиб, 78,2 фоизни ташкил қилмоқда. Шунингдек, Nexia Т-250 ишлаб чиқариш ҳам 66,4 фоизга пасайган.
«Ўзавтосаноат» бошқарув раиси ўринбосари Азизбек Шукуров Олий Мажлис депутатлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда компания 2020 йилда Spark ва Nexia ишлаб чиқаришдан 550 млрд сўм пул йўқотганини айтиб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, ўз навбатида қиммат машиналардан 500 млрд сўм фойда кўрилган. Айни пайтда зарарга ишлайдиган автомобиль моделларини ишлаб чиқаришда энг катта пасайиш бўлаётганини кузатиш мумкин.
Заводда ишлаб чиқариш жараёнининг пасайиши январь ойидан бошланган эди. Жорий йилнинг дастлабки ойида ишлаб чиқариш жараёни 4,2 баробарга қисқарган. Бу пасайиш декабрь–январь ойларида Асакадаги заводда ишларнинг тўхтатилиши билан изоҳланган.
Февраль ойига келиб, ишлаб чиқариш жараёни жонлана бошлаган ва январь ойига нисбатан 4 баробар кўпайган. Аммо 2020 йилнинг мос даври билан солиштирилганда бу кўрсаткич пастлигича қолган.
Компаниянинг Kun.uz’га маълум қилишича, ишлаб чиқаришнинг камайишига пандемия сабаб бутун дунёда кечаётган яримўтказгичли маҳсулотларнинг танқислиги сабаб бўлган. Шу сабаб ишлаб чиқариладиган автомобилларни етказиб бериш муддатлари маълум даврга чўзилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Январь ойида «Ўзавтосаноат» янги авлоддаги Tracker’нинг LT модификацияси нархи 222 млн сўм бўлишини маълум қилганди, аммо якунда бу модель айтилганидан 10 миллион қиммат – 232 млн сўмдан сотувга чиқарилди.
Март ойида Ўзбекистонда янги авлод Chevrolet Equinox ва Tracker автомобиллари сотувга чиқди.
Шунингдек, компания хориждан импорт қилинадиган Malibu 2 LTZ автомобили нархини 324,4 млн сўмдан 369 млн сўмга кўтаргани хабар қилинганди. Бу доллар курсининг ўсиши, Корея Республикаси вони курсининг долларга нисбатан мустаҳкамланиши, пандемия ва бошқа омиллар натижасида логистика нархининг дунё миқёсида ўсиши билан изоҳланган.
Мавзуга оид
18:55 / 23.03.2021
«Автомобилга бўлган талаб 3 фоизга ошди» - Автомашина олди-сотдисининг февралдаги кўрсаткичлари маълум қилинди
19:30 / 25.12.2020
«Нарх ва етказиб беришга таъсири йўқ». UzAuto Motors Асака заводининг вақтинча тўхташи ҳақида тушунтириш берди
19:32 / 23.12.2020
UzAuto январ ойида Асака заводи фаолияти вақтинча тўхтатилиши режалаштирилаётганини маълум қилди
12:10 / 17.05.2019