12:32 / 22.04.2021
6591

Самарқандда қарздор ота алимент ўрнига фарзандларига уй берди

Самарқанд шаҳрида яшовчи ота алиментдан бўлган қарзлари, шунингдек, фарзандлари вояга етгунча бўлган муддатни ҳисоблаб, собиқ турмуш ўртоғига ҳовлисини ҳисоблаб берган. Бу ҳақда МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Cамарқанд шаҳар судининг 2012 йил 18 декабрдаги қарори билан қарздор Х.А.дан даъвогар Г.А. фойдасига уч фарзанди моддий таъминоти учун ҳар ойдаги даромадининг иккидан бир ярми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритуви қўзғатилган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида аниқланишича, қарздор Х.А. умуман алимент пулларини тўламай келган. Шу сабабли унинг умумий қарздорлиги 106 миллион 392 минг сўмни ташкил этган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан МИБ вилоят бошқармаси суриштирув бўлими томонидан Х.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Суриштирув ҳаракатлари давомида қарздор 106 миллион 392 минг сўм пулларни тўлаб беришини маълум қилган. 

Шундан сўнг Х.А. ўзаро келишув асосида ўзига тегишли бўлган ҳовлини фарзандлари келажагини ўйлаб, ундирувчи Г.А.га расмийлаштириб беришни лозим топган. Ундирувчи эса алимент пулларидан тўлиқ воз кечган ва мазкур ижро ҳужжати тегишли тартибда тамомланган.

Top