Жамият | 12:06 / 22.04.2021
4443
2 дақиқада ўқилади

«Tashkent Law Spring» II халқаро юридик форуми бошланди

2021 йил 22 апрел куни «Tashkent Law Spring» II халқаро юридик форумига старт берилди.

Мазкур форум иккинчи бор Адлия вазирлиги томонидан асосий ҳамкорлар — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва қатор бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида ўтказилмоқда. Юзага келган шароитларни ҳисобга олган ҳолда жорий йилда форум гибрид форматда, яъни хорижий меҳмонларнинг масофавий, миллий экспертларнинг бевосита иштирокида ўтмоқда.

Форумнинг бош мавзуси бўлган «Ҳуқуқ 4.0» ҳуқуқнинг тўртинчи саноат инқилоби шароитидаги долзарблигини ифода этади.

Форум доирасида давлат ҳуқуқий сиёсати, давлат органлари очиқлигини таъминлаш, LegalTech ва LawTech (ҳуқуқ технологиялари), умумий (инглиз) ҳуқуқ, коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар шароитида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, давлат сиёсатини амалга ошириш (Policy Implementation), рақамлаштириш даврида суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ва бошқа долзарб мавзуларда сессиялар ўтказилиши режалаштирилган.

Форум ишида Ўзбекистон ва қатор хорижий мамлакатлар адлия вазирлари иштирок этмоқда. Хусусан, ялпи йиғилиш ва муҳокама сессияларида Сингапур адлия вазири Касивисванатан Шанмуган, Россия адлия вазири Константин Чуйченко, Буюк Британия адлия вазири Лорд Дэвид Вольфсон, Япония адлия вазири Ёко Камикава, Корея Республикаси ҳукумат қонунчилиги вазири Ли Кан-Соп, Қозоғистон адлия вазири Марат Бекетаев, Озарбойжон адлия вазири Фикрет Фаррух ўғли Мамедов, Беларус адлия вазири Олег Слижевский, Шри-Ланка адлия вазири Али Сабри ва бошқалар сўзга чиқади.

Маълумот учун, ушбу форум 2021 йил учун қабул қилинган давлат дастурига кўра ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Tashkent Law Spring» биринчи халқаро юридик форуми 2019 йил 25-26 апрел кунлари Тошкент шаҳридаги «UzExpo» кўргазмалар маркази биносида бўлиб ўтган эди. 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли ўтказилмади.

Мавзуга оид