12:06 / 23.04.2021
8702

ДСҚ ҳисобварақ-фактуралар тизимидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди

23 апрелдан бошлаб солиқ базасини тузатиш учун асос бўлувчи ҳолатлар юзага келганда, солиқ тўловчилар қўшимча ёки тузатилган электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириши мумкин.

Давлат солиқ қўмитаси ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш ахборот тизимидаги ўзгаришлар ҳақида хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жорий йил 23 апрелдан бошлаб солиқ базасини тузатиш учун асос бўлувчи ҳолатлар юзага келганда, солиқ тўловчилар қўшимча ёки тузатилган электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириши мумкин.

Солиқ солинадиган базани камайтиришга қаратилган тузатишлар киритиш, охирги 12 ой давомида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура кўрсаткичларига тузатиш киритувчи манфий кўрсаткичлар билан расмийлаштирилган қўшимча ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Шунингдек, солиқ тўловчиларга 2021 йил 29 апрель соат 00:01дан 30 апрель соат 23:59гача охирги 12 ой давомида у ёки бу сабабга кўра ўз вақтида расмийлаштирилмаган электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш имконияти берилади.

Бунда солиқ тўловчиларнинг зиммасига солиқ базаси ва ҳисобга олинган ҚҚС суммасига тузатишлар киритилгани ҳисобига аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритиш мажбурияти юклатилади.

Аввалроқ, ДСҚ 14 минг 988та солиқ тўловчи томонидан ҚҚС бўйича бюджетга умуман тўлов амалга оширилмаган ва солиқ қарзи мавжуд бўлган ҳолда ўз контрагентларига йирик миқдорда электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилгани ҳақида маълумот берганди.

Top