Ўзбекистон | 09:38 / 24.04.2021
3085
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «Нексия» ва «Дамас» иштирокидаги «авария»да икки киши вафот этди

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида иккита машинанинг ўзаро тўқнашиши оқибатида икки киши вафот этган. Яна икки киши оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 13 апрель куни соат тахминан 18:30ларда давлат аҳамиятидаги 4Р79 Қарши—Шаҳрисабз автомобиль йўлининг Қамаши тумани Чим қишлоғидан ўтган 34-километрида «Нексия» ва «Дамас» иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Натижада «Нексия» ҳайдовчиси ҳодиса жойида, яна бир фуқаро кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамасдан шифохонада вафот этган. Яна икки йўловчи эса оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса юзасидан Қамаши туман ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид