Ўзбекистон | 10:00 / 26.04.2021
20286
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳридаги барча мактаб ва мактабгача таълим муассасалари карантинга ёпилади

27 апрелдан Самарқанд шаҳридаги барча мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида 14 кунлик карантин жорий этилди. Бу ҳақда Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари матбуот хизматига асосланган ҳолда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

«Мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар орасида коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Санитария-эпидемиологик хизмат марказлари туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ва туман (шаҳар) ҳокимлигига таклиф киритиб, Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ёки ҳудудий комиссия қарорлари билан айрим мактабларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилиб, 2 ҳафтага карантинга олинмоқда. Бу вақт мобайнида мазкур мактаблар онлайн тартибда фаолият юритади. Самарқанд шаҳридаги мактабларнинг ёпилишига ҳам мана шу тартиб асос бўлди», деди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамова.

Унинг қўшимча қилишича, 22 апрел ҳолатига кўра, республика бўйича жами 10008та мактабдан 163таси, яъни 1,6 фоиз мактаб масофавий таълим шаклига ўтказилган, яъни карантинга олинган.

Бу рақамлар эса Санитария-эпидемиологик хизмат марказларининг талабномаларидан келиб чиқиб, ўзгариб боради.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаевага кўра, Самарқанд вилоятининг марказий шаҳридаги 1-, 2-, 31- ва 80-сонли мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болаларда коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари аниқланган.

«Шундан келиб чиққан ҳолда, Самарқанд шаҳридаги МТМлар карантинга ёпилмоқда. Вазият айрим кескин чоралар кўришни талаб қилмоқда», – деди Асқархўжаева.

Маълумот учун, 20 апрел куни Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Cамарқанд вилоятидаги боғчалар фаолиятини ўрганиш натижалари эълон қилинганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид