Ўзбекистон | 15:15 / 26.04.2021
11323
1 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортига кириб боришдаги ёпиқ эстакада йўли очилади

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг брифингда маълум қилишича, халқаро аэропорт иккинчи қавати билан боғловчи эстакада қайта ишга туширилиши йўловчиларга катта қулайликлар яратади. Шунингдек, Франция фуқаро авиацияси миллий мактаби билан ҳамкорликда учувчиларини тайёрлаш мактаби очилиши ҳам режалаштирилган.

Фото: proleteli.com

“19 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш бўйича тақдимотлар билан танишдилар.

Трансформация жараёнида учта вазифага асосий эътибор қаратилмоқда. Булар: биринчи - харажатларни қисқартириш, иккинчи - даромадларни кўпайтириш ва учинчи – йўловчи ва юк ташишда рақобатбардошликни ошириш.

Президентимиз тақдимотлар билан танишиб, аввало, халқимиз учун авиачипталар нархини арзонлаштириш, чиптани сотиб олишдан то самолётга чиққунча бўлган барча жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш бўйича топшириқ бердилар.

Яна бир янгилик – Тошкент халқаро аэропортига кириб боришдаги анчадан бери ёпиқ ётган эстакада йўли очилиши кутилмоқда. Бу ҳам йўловчиларга катта қулайликлар яратади.

Франция фуқаро авиацияси миллий мактаби билан биргаликда Тошкент давлат транспорт университети таркибида Фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактаби очилиши ҳам режалаштирилган”, деди ўз нутқида Шерзод Асадов.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид