08:29 / 27.04.2021
29002

Қаерга шошасиз? — ҳайдовчиларга мурожаат

1962. Ўтган йили 1962 нафар юртдошимиз авариялар туфайли сўнгги сўзларини айтишга ё улгурган, ё улгурмаган.

Ўзбекистонда 2020 йилда 6982 та ЙТҲ содир бўлгани қайд этилди. ЙТҲлар оқибатида вафот этганлар сони эса 1962 нафар кишини ташкил этди.

1962 нафар юртдошимиз ўзгалар ёки ўзининг хатоси қурбони бўлган.

Йўл ҳаракати қоидаларини киприк қоқмай ёки қоқиб бузиш оддий ҳол бўлиб қолди. Нега қоида бузамиз? Қаерга шошамиз?

Тўғри, йўлларнинг сифати қониқарсиз, «ямалар» кўп, чизиқлар яхши чизилмаган, йўл белгилари нотўғри ўрнатилган... Булар «авария»ларга сабаб бўлади, бироқ доим эмас. Тезликни ошириш, ҳаракатнинг қарама-қарши йўналишига чиқиш ёки светофорнинг қизил чироғига ўтишга сизни ҳеч ким ва ҳеч нарса мажбур қилолмайди.

«Хотинимни туғуруқхонага олиб кетаётгандим». «Болам касал эди...» Ҳа, бунақа пайтлар ҳам бўлади – инсонмиз, тезликни оширамиз. Бироқ ҳеч бир сабабсиз тезликни оширишимизни нима билан изоҳлаймиз? Хотин ҳар ойда туғмайди, бола ҳар ҳафта касал бўлмайди! Оёғимиз газ педалини босаётганда ўзгаларнинг ҳаёти, соғлиги ёдимизга тушадими?

Кабинамиз ташқарисидаги ёш-у қарининг ўрнига ўз жигарларимизни қўйиб кўрамизми? Ҳар гал шундай қилганимизда, газни ўйлаброқ босар эдик.

Биз ҳайдовчилар темир машина ичидамиз – ҳимояланганмиз, пиёда эса...

Шуни доим ҳисобга олайлик. Пиёдага «права» берилмайди – ҳар ким пиёда бўлиши мумкин: кексайиб қолганлар ҳам, ногиронлар ҳам, ёш болалар ҳам. Биз ҳайдовчиларга эса «права» – ҳуқуқ берилади, аввал синаб, кейин берилади, «Мана, сенга ҳуқуқ берилди, ўзгаларнинг умрига, соғлигига эҳтиёт бўл» дегандек.

Ҳуқуқни суиистеъмол қилмайлик!

Шикаст етган мулкини-ку тиклаб ё қоплаб берарсиз, саломатлигини-чи? Умрини-чи? Узр сўраш ё тазарру қилиш танадаги яраларга, қалбдаги жароҳатларга малҳам бўла олармикан?

Қолаверса, қоидабузарнинг ҳам мулки ва ҳаёти хавф остида қолиши мумкин!

Тезликни меъёридан оширишнинг фойдаларини таҳлил қилиб кўрамиз. Белгиланган тезлик, яъни, соатига 60 километр тезликда юриб, шаҳардаги А нуқтадан 12 километр узоқликда жойлашган Б нуқтага 20 дақиқада етиб борасиз.

Тезликни меъёридан ошириб, ё қайсидир қоидани бузиб, айтайлик, соатига 80 километр тезликда юрсангиз, айни масофани 15 минутда босиб ўтасиз. Беш дақиқада нималар қилиш мумкин?

  1. Telegram'га кириб танишлар билан гап сотиш.
  2. Instagram'га кириб сторис томоша қилиш.
  3. Ёки сабр қилиб қоида бузмасдан эсон-омон манзилга етиб олиш.

Демак, олдимизда уч йўл турибди:

  1. Автомобилни қоидага амал қилиб бошқариш.
  2. Йўл-транспорт ҳодисасига, халқчил тилда айтганда, аварияга йўлиқиш.
  3. Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори ёки «терпила»лар қўлига тушиш.

Кечирасиз, Худодан ва қонун-қоидадан қўрқмаган одамни жарималар билан қўрқитишга тўғри келади...

Рамазон ойингиз муборак бўлсин! Саломат бўлинг!

Top