Ўзбекистон | 23:26 / 28.04.2021
11523
2 дақиқада ўқилади

Илҳом Маҳкамов Uzbekistan Airways'ни хусусийлаштириш эҳтимоли ҳақида гапирди

Uzbekistan Airways самолётларини кредитга сотиб олган, бунақа қарздорлиги бор авиакомпаниянинг жозибадорлиги паст бўлади. Муайян миқдордаги акцияларимизни хусусий секторга сотишдан олдин компания жозибадорлигини оширишимиз керак, дейди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.

Транспорт вазири, «Uzbekistan Airways» AЖ бошқарув раиси Илҳом Маҳкамов 28 апрел куни журналистлар билан суҳбатда компанияни хусусийлаштириш ҳақидаги саволга жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Авиакомпанияни хусусийлаштириш учун биз уни яхши нархда сотишимиз керак. Яхши нархда сотиш учун унинг жозибадорлигини оширишимиз керак. Бугунги кундаги ислоҳотгача бўлган сиёсатда сотиб олинган самолётларнинг ҳаммаси кредитга олинган. Бунақа кредит қарздорлик билан, бунақа бизнес стратегия билан амалга оширилаётган авиакомпаниянинг жозибадорлиги паст бўлади.

Бунақа арзон нархларда сотганимиздан кўра унинг жозибадорлигини оширишимиз керак. Бу сотмаймиз дегани эмас. Бу авиакомпания ҳар доим давлатнинг қарамоғида бўлади дегани ҳам эмас. Трансформация жараёнида қадам-бақадам амалга ошириладиган вазифалар бор. Уларни амалга ошириб, албатта, охири биз унинг қанчадир миқдорини барибир хусусий секторга, яхши ҳамкорларга сотамиз.

Лекин ҳозир бу нарса вақтли. Компания жозибадорлиги паст», – деди Илҳом Маҳкамов.

Транспорт вазири Қибрайда шарқий aэропорт қурилиши, «снос»га тушган хонадон ҳудудлари ҳақида ҳам маълумот берди.

Маҳкамовнинг айтишича, Қибрайда шарқий аэропорт қурилиши аниқ, у кўпроқ бизнес авиация билан боғлиқ аэропорт бўлади.

«Фуқаролар билан боғлиқ бўлган чегаралар ҳаммаси белгилаб бўлинган. «Снос»га тушган уйлар масаласида шубҳада ўтиришга ҳожат йўқ», – деди у.

Мавзуга оид