18:28 / 29.04.2021
10980

Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтига ректор тайинланди

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, Акмал Абдиқаҳҳарович Сидиқов Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг ректори этиб тайинланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 34 ёшли тиббиёт фанлари доктори Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университетини тамомлаган. У Европа дерматология ва венерология академияси (EADV) ва Европа дерматологик тадқиқотлар жамияти (ESDR) аъзосидир.

Бундан ташқари, ёш олим 80дан ортиқ илмий ишлар муаллифи ва ҳаммуаллифи, шу жумладан, дерматология соҳасида 6та ихтиро, 5та ўқув-услубий қўлланма, битта федерал клиник тавсиянома, 3та монография ва 4та қўлланма муаллифи ҳисобланади.

Акмал Сидиқов Тошкент давлат стоматология институти кафедра мудири, Тошкент шаҳар бош дерматовенерологи ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фанни ривожлантириш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Тайинловдан аввал эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

  • Эслатиб ўтамиз, Фарғонадаги мазкур институт президентнинг 2020 йил 3 декабрдаги «Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали негизида ташкил этилиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ушбу олий ўқув юртининг клиник базаси этиб белгиланганди.
Top