Ўзбекистон | 16:47 / 30.04.2021
4767
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида эркин божхона зонаси ташкил этилади

Президент “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

“Uzbekistan Airways” АЖ Давлат божхона қўмитаси ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уч ой муддатда Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Учувчилар шаҳарчасида жойлашган “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ ҳудудида (майдони 39 га) эркин божхона зонасини ташкил этади.

Белгилаб қўйилишича, эркин божхона зонасида:

  • халқаро ҳуқуқий ва техник меъёрларга мувофиқ барча хорижий ҳаво кемалари ва уларнинг алоҳида агрегатларини таъмирлаш учун зарур бўлган авиатехника эҳтиёт қисмлари эркин алмаштирилади;
  • маҳаллий авиакомпанияларнинг ҳаво кемаларини ҳамда уларнинг қисм ва агрегатларини таъмирлашга зарур бўлган авиатехника эҳтиёт қисмлари эркин божхона зонаси чегарасидан чиқмаган ҳолда харид қилиниб, “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилган ҳолда фойдаланилади;
  • ушбу божхона зонасига четдан келтириладиган авиатехника эҳтиёт қисмлари “эркин божхона зонаси” божхона режимига расмийлаштириш орқали жойлаштирилади ҳамда истисно тариқасида, сертификатлар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб этилмайди;
  • таъмирлаш мақсадида эркин божхона зонасига олиб кириладиган ҳаво кемаларининг (шу жумладан, уларнинг қисм ва агрегатлари) кириб-чиқишида божхона назорати уларни тегишли божхона режимларига расмийлаштирмаган ҳолда амалга оширилади.

Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк билан биргаликда уч ой муддатда эркин божхона зонаси ҳудудига товарларни олиб кириш, олиб чиқиш, ҳаво кемаларини таъмирлашда фойдаланиш, уларни тегишли режимларга расмийлаштириш, ушбу товарлар ва хизматлар учун валюта операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид