Ўзбекистон | 13:05 / 03.05.2021
12623
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда тадбиркорга жарима солган солиқчининг ўзи жарима тўлайдиган бўлди

Тошкент шаҳрида бизнес-омбудсман томонидан МЧЖлардан бирининг мурожаати асосида, пойтахт ДСБ ходими томонидан ўтказилган текширувнинг қонунийлиги ўрганилди.

Аниқланишича, давлат катта солиқ инспектори С.Д. томонидан 2016 йил 1 январдан 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган давр учун МЧЖнинг фаолиятида камерал солиқ текшируви ўтказилган. 

Таъкидланишича, С.Д. тегишли тартибда аттестациядан ўтмаган ва махсус гувоҳномага олмасдан, тадбиркор фаолиятида текширувни ўтказган.

“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишига текширишларни ўтказишга рухсат берилгани тўғрисидаги махсус гувоҳнома, шахсий гувоҳнома мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилиши белгиланган.

Ушбу ҳолат бўйича бизнес-омбудсманнинг масъул ходими айбдор солиқ инспекторига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди ва судга юборилди. 

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг қарорига кўра, солиқ органи ходими С.Д. ҳуқуқбузар деб тан олинди ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравар миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

Мавзуга оид