Спорт | 14:08 / 05.05.2021
17896
13 дақиқада ўқилади

Гвардиола бешинчи уринишда уддалади. «Сити» — илк бор финалда

«Сити» иккинчи ўйинда ҳам «ПСЖ»дан устун келди. Каталониялик мураббий 10 йил ўтиб яна асосий еврокубокнинг ҳал қилувчи ўйинида бўлади.

Фото: AFP

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
«Манчестер Сити» (Англия) — «ПСЖ» (Франция) — 2:0 (1:0)
Голлар: Маҳрез, 11 (1:0). Маҳрез, 63 (2:0).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Фернандинью, Уокер, Стоунс, Зинченко, Рубен Диаш, Гундўған, Де Брюйне (Стерлинг, 82), Фоден (Агуэро, 85), Маҳрез, Бернарду Силва (Габриэл Жезус, 82).
«ПСЖ»: Навас, Флоренци (Дагба, 75), Маркиньос, Кимпембе, Диалло (Баккер, 83), Эррера (Дракслер, 62), Верратти, Паредес (Данилу Перейра, 75), Ди Мария, Неймар, Икарди (Кин, 62).
Огоҳлантиришлар: Эррера, 22. Верратти, 71. Зинченко, 72. Де Брюйне, 74. Кимпембе, 87. Данилу Перейра, 89.
Четлатиш: Ди Мария, 69.
Ҳакам: Куйперс (Нидерландия).
4 май. Манчестер. «Этиҳад» стадиони.
Биринчи ўйин — 2:1.

Ўн йил ўтди. 2011 йил майида Пеп Гвардиоланинг «Барселона»см финалда «Манчестер Юнайтед»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этган, бир мавсум ўтиб мураббий кўк-анорранглилар бошқарувидан кетганди. Ўтган ўн йил ичида «Барселона» яна бир бор Европанинг энг яхши жамоаси деб топилган бўлса, Гвардиола 2021 йилга қадар «Бавария» билан ҳам, «Манчестер Сити» билан ҳам ушбу турнир финалигача етиб бора олмади.

Ҳар қандай катта мураббий ёки футболчиларнинг ўз ҳейтерлари бўлади. Гвардиолани ёмон кўрувчилар бир неча йил олдин унга лақаб ҳам ўйлаб топишганди — Fraudiola. Бу Пепнинг фамилияси ва инглизча fraud сўзи («фирибгар») қоришмасидан иборат гибрид сўз. Гвардиоланинг ҳейтерлари аслида унинг ҳеч қандай сеҳри йўқлиги, у Лео Месси, Хави ва Иньеста каби футболчиларисиз Европа футболида ҳеч нарса қила олмаслигига амин эдилар.

Бу мавсум эса мураббий буларнинг барчаси бўлмаган гап эканини исботлади. Балки «Манчестер Сити»да Месси даражасидаги футболчи йўқдир, аммо у Гвардиолага керак ҳам бўлмади. «ПСЖ»га қарши жавоб ўйинида дубль қайд этган Маҳрез интригани ўлдириш учун етарли бўлди.

Сафардаги ўйинда ғалаба қозонгани туфайли «Манчестер Сити»да катта устунлик бор эди - бу тактика танлашда ҳам имкониятларни кенгайтирарди. Бу мавсумда жамоа майдонда иккинчи рақамда ўйнаган ўйинлар бунгача ҳам бўлганди (масалан, «Ливерпуль»га қарши). Гвардиола Париждаги ўйин билан таққослаганда икки ўзгариш амалга оширди: Родри ва Канселу захирада қолдирилди, уларнинг ўрнига Фернандиньо ва Зинченко илк дақиқалардан ҳаракат қилишди. Бу икки ўзгартириш ҳам позиция бўйича ўзгартиришлар эди ва бир қарашда тузилма ўша-ўша ҳолида қолганди. Аммо барибир Пеп ниманидир ўзгартирганди.

Фоден ва Маҳрез тўпсиз ҳолатда яримҳимояда ўйнашди, Силва ва де Брюйне олдинда қолиб, марказий ҳимоячиларни банд қилиб туришди. 4-4-2 схемаси, аммо қанот яримҳимоячилари юқори жойлашган. Уларга прессинг вақтида гибрид рол берилди: «ПСЖ» тўпни марказ орқали олдинга олиб бормоқчи бўлганда, улар марказга кўчиб, меҳмонларнинг таянч яримҳимоячиларини ёпишди, бу орқали «Сити» бу ҳудудда сон жиҳатдан устунлик қилди. Тўп «ПСЖ» фулбеклари орқали ҳаракатлантирилган вақтда эса Маҳрез ва Фоден қанотларни эгаллашди. Де Брюйне ва Силва тўпсиз ҳолатда марказий ҳимоячилар билан ўйнашди.

Маурисио Почеттинода эса вариантлар йўқ эди: уйдаги мағлубиятдан кейин «ПСЖ»ни фақат ғалаба қаноатлантирарди. Ундан ташқари, кадрлар муаммоси бор эди: аввалги ўйиндаги қизил карточка туфайли Гейе жамоага ёрдам бера олмасди,  Мбаппе «Ланс»га қарши ўйинда олган жароҳатидан тўлиқ тузалишга улгурмади ва захирада қолдирилди. Натижада Почеттино яримҳимояга Верратти-Паредес-Эррера учлигини туширди, ҳужумда Неймар ва Ди Мария марказдаги Икардининг икки ёнидан жой олишди.

«ПСЖ» позицион ҳимояланганда, Ди Мария тўртинчи яримҳимоячига айланди ва ўнг қанотни ёпди. Аммо прессинг вақтида марказга яқин ўйнаб, Гундўғанни қўриқлади, «ПСЖ» яримҳимояси ромб шаклини олди. Мезбонлардан фарқли равишда, «ПСЖ» прессингни рақиб марказий ҳимоячиларига қадар олиб бормади, биринчи навбатда марказда устунлик қилишга уринди.

Ўйин бошида парижликлар яримҳимояси прессинг остида ҳам тўпни назорат қилиб турди. Шу туфайли меҳмонлар ҳудудларда устунлик қилиб, рақиб томонда тўпни кўп вақт давомида ушлаб туришди. Голга қадар меҳмонлар сезиларли устунликка эга эди. Тўпга эгалик қилиш бўйича: 36 фоизга 64 фоиз, майдоннинг учинчи қисмидаги паслар сони бўйича 6-17, дарвозага зарбалар бўйича: 0:2.

Лекин «ПСЖ»нинг шундай устунлиги фонида «Сити» гол урди. Бу мантиққа зид кўринади, аммо мезбонлар меҳмонларни келишмасдан қилинган прессинг учун жазолашди. Ди Мария Гундўғанни қўриқлаш учун марказга ўтганди, шу туфайли қанотда Зинченко очиқ қолди. Эдерсон эса унинг йўналиши бўйлаб 70 метр масофага тўпни узатиб берди, украиналик футболчи тўпга етиб бориб, уни марказдан келаётган де Брюйнега ташлаб берди, у эса ўнгдаги Маҳрезга тўп узатиш ўрнига зарба берди, зарба ҳимоячиларга тегиб, йўналишини ўзгартирди ва барибир Маҳрезга бориб тушди, у эса тўпни Кимпембе ва Наваснинг оёқлари орасидан ўтказди - 1:0.

Голдан кейин ҳам «ПСЖ» ҳудудлар бўйича устунликни сақлаб қолди, лекин бу устунлик камайди. 11-дақиқадан бошлаб танаффусга қадар тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик меҳмонлар фойдасига 54 фоизни ташкил этди, шунингдек, майдоннинг учинчи қисмида берилган паслар сони бўйича устунлик ҳам уларда эди - 72га 62. Яъни улар голдан кейин ҳам дарҳол ташаббусни қўлга олиб, ҳужумлар уюштиришди, бунинг сабаби, биринчидан, «Сити» ўйин бундай кечишига қарши эмасди, иккинчидан, бу тўлиқ устунлик эмас, шунчаки нисбатан устунлик эди. Позицион ҳужумларда «ПСЖ» ҳеч нарса қила олмади.

Гвардиоланинг «Сити»си бу сафар ҳам ўзига хос бўлмаган тарзда ўйнади. Жамоа нафақат кучли прессинг уюштирди, балки хотиржам ҳимояланди. Аммо факт шуки, биринчи бўлимда «ПСЖ» Эдерсон дарвозаси томон 7 бор зарба йўллади, шундан тўрттаси ҳимоячилар томонидан тўсилди.

Иккинчи бўлим учун ҳам Гвардиола ҳеч нарсани ўзгартирмади, Почеттинода эса ўйинни ўзгартириб юборадиган таклифнинг ўзи йўқ эди. «ПСЖ» яна тўпга эгалик қилди, «Сити» яна чуқур ҳимояланиб, ўйинни назорат қилди. 

Парижликлар биринчи бўлимда ўз хатолари қурбони бўлишганди, бу сафар эса тактик жиҳатдан ютқазишди. 4-3-3 схемаси иш бермади, Мауро Икарди Мбаппенинг ўрнини боса олмади, «ПСЖ» қанотлари голларга сабаб бўлди. Французлар жамоаси ўз етакчисисиз Гвардиоланинг пухта механизмига қарши ҳеч нарса қила олмаслиги маълум бўлди. 

62-дақиқада Почеттино схемани ўзгартирди ва Икардини майдондан олди. Бу қарорни аввалроқ ҳам қабул қилиш мумкин эди, чунки парижликлар паслар орқали рақиб жарима майдонига кира олишмади ва юқоридан узатмалар орқали ҳам Икардига тўп етказиб бера олишмади, Икардининг ўзи эса рақиб ҳудудида паслар орқали ҳаракатланишда фойдасиз футболчи эди. Бир соат давомида у жами 16 марта тўпга тегинди. Бу жуда ёмон кўрсаткич, таққослаш учун, ундан ёмон иккинчи натижани ҳимоячи Флоренци қайд этди - 40 тегиниш.

Икарди ўрнига Кин, Эррера ўрнига Дракслер туширилиши тўп Эдерсон дарвозаси яқинига олиб борилишини таъминлаши керак эди. «ПСЖ» 4-2-3-1 схемасига ўтди ва рақиб жарима майдонини қамал қилишга тайёрлана бошлади. Аммо дарҳол қарши ҳужумда иккинчи гол ўтказиб юборилди.

Бу вазиятда Зинченко Флоренцидан тўпни олиб қўйиб, дарҳол уни де Брюйнега узатди. «Шаҳарликлар» етакчиси эса битта пас билан Фоденни олдинга ташлади - у бу ҳаракати орқали меҳмонларнинг етти футболчисини вазиятдан узиб қўйди. Фоден тўпни де Брюйнега узатиб, яна қайтариб олди. «Сити» ўзига хос тарзда қарши ҳужум уюштирди: ҳамма олдинга югургани йўқ, етарли сондаги футболчилар тўп билан максимал тезликда олдинга ҳаракатланишди. Ҳужумни якунловчи нуқтада яна Маҳрез пайдо бўлди, Диалло уни бўш қолдирганди - 2:0.

Бу голдан кейин «ПСЖ» яна издан чиқиб кетди, футболчилар фақат қўпол ўйнай бошлашди. Иккинчи голдан беш дақиқа ўтиб Ди Мария майдон ташқарисида Фернандиньонинг оёғини қасддан босиб, қизил карточка олди. Кўп ўтмай Перрейра ҳам четлатилиши мумкин эди, аммо у Жезуснинг оёғига ташланганида ҳакам фақат сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланди, агар у қизил карточка кўрсатганида ҳам VAR бу қарорни бекор қилмаган бўларди.

Камчилик бўлиб қолганидан кейин «ПСЖ» тўпни назорат қила олмасди, қолган вақт «Сити»нинг хоҳишига қараб кечди. Дарвоқе, иккинчи бўлимда ҳам меҳмонлар дарвоза томон етти бор зарба беришди ва энди бу зарбаларнинг барчаси ҳимоячилар томонидан тўсилди. Ўйин давомида Эдерсон бирорта сейв қилишига тўғри келмади.

«ПСЖ» «Сити»ни енгиш учун келганини майдонда кўрсатиб бера олмади. Унинг ўрнига, жамоа ютқазишни билмаслиги, футболчилар асаб билан боғлиқ муаммолари борлиги яна бир бор кўрсатиб қўйишди. «ПСЖ» ютқазган ўйинларнинг деярли барчасида бир футболчиси қизил карточка олиб келмоқда.

Албатта, финал — ҳали соврин эмас. Аммо «Манчестер Сити» учун бу янги босқич. Жорий мавсум — Гвардиоланинг Англиядаги бешинчи мавсуми. Шу вақтга қадар «шаҳарликлар» ярим финалга ҳам етиб кела олмаганди, жамоани нисбатан кучсиз жамоалар турнирдан чиқариб юборарди: «Монако», «Тоттенҳэм», «Лион». 2018 йилда «Ливерпуль»дан учралган мағлубиятни тўғри тушуниш мумкин, гарчи ўша мавсум бошида «Сити» АПЛ доирасидаги ўйинда қизилларни 5:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, ўшанда чорак финал қарама-қаршилигида Клопп шогирдлари фаворит эди.

«Барселона» билан Гвардиола икки марта финалга етиб бориб ғолиб бўлган, «Бавария» билан уч марта ярим финалга чиққан. «Манчестер Сити»да Пеп доим ёки 1/8 финалда, ёки чорак финалда тўхтарди. Энди — ҳал қилувчи ўйин ва бу ўйин олдидан «шаҳарликлар» яққол фаворит. «Реал» ҳам, «Челси» ҳам ҳозирда «Сити»дан кучсизроқ. Ҳа, ким бўлса ҳам ҳозир қоғозда «Сити»дан кучсиз.

Фото: Peter Powell/PA Images via Getty Images

Пеп нега аввалроқ эмас, энди муваффақиятга эришди? Гвардиола ҳар йили тактикалар бўйича донолик қилиб, ўз футболчиларини адаштириб юборарди, деб ҳисоблашади. Бу сафар мураббий ҳеч қандай тажриба қилмади, сабабсиз ротацияларга қўл урмади. «ПСЖ» билан ўйинлар оддий кечди: одатий схема ва одатий таркиб. Ягона «йўқ» — тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик. «Манчестер Сити» уйда ўйнаса ҳам, ўйин вақтининг 44 фоизида тўпга эгалик қилди, бу эса умуман ноодатий ҳолат. 

Бу куни Гвардиола донолик қилмади, аммо доноларча йўл тутди. Балки, шу вақтгача унга финалга етиб келиш ва ҳейтерларининг оғзини ёпиш учун айнан совуққонлик етишмагандир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Финалда ҳам совуққонлик билан совринни ютиш талаб этилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид