Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия қуролли кучлари «кўринмас» авиабомба билан қуролланади
Россия қуролли кучлари 2021 йилда “Дрель” деб аталувчи авиабомба билан қуролланади. Таъкидланишича, ушбу бомбани радарлар ёрдамида деярли аниқлаб бўлмайди.
“Синовлар натижалари авиабомбанинг жанговар самарадорлигини тасдиқлади. Ушбу бомбани 2021 йил учун давлат мудофаа буюртмасига мувофиқ сотиб олиш режалаштирилган”, деб маълум қилган Россия бош вазири ўринбосари Юрий Борисов.
Аввалроқ Борисов янги қурол билан тезкор-тактик авиация самолётлари, жумладан, 5-авлоддаги Су-57 қирувчилари таъминланишини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, “Дрель” ўзи учувчи авиабомба бўлиб, “Базальт” бирлашмаси томонидан ишлаб чиқилган. Бомба зирҳли техника, ердаги радиолокацион станциялар, энергетик қурилмаларни бошқариш пунктлари ва зенит-ракета мажмуаларини йўқ қилишга мўлжалланган. Бомбанинг учиш масофаси 30 кмдан кўпроқни ташкил қилади. Бунинг эвазига уни душманнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари таъсири доирасига кирмасдан қўллаш мумкин. Бомба навигация учун ГЛОНАСС тизимидан фойдаланади. У 15та ўзи нишонга олувчи жанговар элемент билан жиҳозланган. Белгиланган траекториянинг охирида ушбу элементлар ташувчидан ажралиб, нишонга олинган объектлар устига парашютларда тушади.
Бомбанинг яна бир устунлиги унинг радиоэлектрон кураш воситалари ва радарлар учун “кўринмаслиги” ҳисобланади. Бунинг эвазига бомбани ишдан чиқариш ёки уриб тушириш ўта мураккаб ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрича, бомбанинг бош устунлиги – арзонлигидир. “500 минг долларлик ракетани террорчилар жипига қарши қўллаш маъносиздир. Бундан ташқари, бомбанинг арзонлиги уни оммавий қўллаш имконини беради”, деб таъкидлаб ўтишган мутахассислар.