20:47 / 10.05.2021
13855

Алифбо ислоҳотига доир қонун лойиҳаси муҳокамаси 6 ойга узайтирилди

Алифбо такомиллашувини ёқлаганларнинг аксарияти ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлади, деб маълум қилди Давлат тили департаменти. Аввалроқ Kun.uz муҳокама муддати узайтирилиши, бунга олимлар ўртасидаги зиддият сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Таклиф этилаётган алифбо лойиҳаси

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси муддати 2021 йилнинг 1 ноябрига қадар узайтирилди.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти буни қуйидагича изоҳламоқда:

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ҳар томонлама пухта, кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари ва таклифларини чуқур ўрганган ҳолда такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, мутахассисларнинг таклифларини инобатга олиб, «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини 2021 йил 1 ноябрга қадар давом эттиришга қарор қилди.

Узайтирилган муддат давомида масъуллар томонидан қонун лойиҳасининг зарурати ва аҳамиятига бағишланган илмий анжуманлар, маъруза ва семинарлар ўтказилади. Алифбога шаклий ўзгаришлар киритилиши муносабати билан талаб этиладиган харажатлар миқдори ўрганилади. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида такомиллашаётган алифбонинг турли (фонетик, график, техник, имло) хусусиятларига доир туркум кўрсатув ва мақолалар ташкил этилади.

Шунингдек, илмий анжуманларда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар турли соҳа олим ва зиёлиларидан иборат экспертлар гуруҳи иштирокида ўтказиладиган конференцияда кўриб чиқилиб, якуний хулосага келинади ҳамда лойиҳа билан биргаликда ҳукуматга киритилади».

Таъкидланишича, алифбо муҳокамаси бўйича белгиланган дастлабки муддат давомида (16 мартдан 31 мартга қадар) лойиҳани 26 мингдан зиёд киши кўриб, 1035 та фикр қолдирган. Таклифларнинг 56 фоизи (547 таси) лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг ислоҳ қилинишини, 32 фоизи (302 таси) эса амалдаги алифбода қолишни ёқлаган.

Алифбо такомиллашувини ёқлаганларнинг аксарияти ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, кўпчилик C («тс») ҳарфини алифбога киритиш ва нг ҳарфини алифбодан чиқариб, имло қоидалари доирасида ўрганишни таклиф этган.

«Ижтимоий тармоқларда алифбо ислоҳотини қўллаб-қувватлаш билан бирга, ислоҳотнинг молиявий юки, ўрта авлоднинг саводсиз бўлиб қолишидан ташвишланиб билдирилган фикрлар ҳам бор.

Бироқ ўзгаришларнинг она тилимиз, халқимиз ва жамиятимиз учун нечоғлик зарур эканини теран англаган ҳамда бу жараён босқичма-босқич амалга оширилишидан бохабар бўлган аксарият олим, адиб, журналист, блогерлар, кенг жамоатчилик вакиллари лойиҳани якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда», – дейилади департамент хабарида.

Аввалроқ Kun.uz ўзига етиб келган маълумотлар орқали лотин ёзуви бўйича муҳокама муддати узайтирилиши ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, шу соҳадаги олимлардан бирининг «шошилмаслик кераклиги» ҳақида юқори мансабдор шахсга ёзган хати бунга сабаб бўлган:

Манбага кўра, Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан тақдим этилган алифбо лойиҳаси тасдиқдан ўтиб кетаётгани ва бу ўша олимнинг таклифларига мос келмагани учун муддатни имкон қадар чўздиришга ҳаракат қилган. Узайтирилган янги муддатда эса олим алифбога ўз таклифларини киритиши мумкин.

Мавзу
Лотин ва кирилл имлоси

Ўзбекистон лотин алифбосида қолгани яхшими ёки кирилл алифбосига қайтиш керакми? Айни вақтда ўзбекистонликлар шу мавзуни кенг муҳокама қилмоқда.

Барчаси
Top