Иқтисодиёт | 12:45 / 10.05.2021
7644
2 дақиқада ўқилади

Қатъий ставкалар қўлланадиган акциз солиғи ҳисоб-китоби иловаси бекор қилинди

Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисидаги ўзгаришларга кўра, фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотнома жорий қилинади. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботи шаклларининг янги таҳрири тасдиқланди.

Давлат солиқ қўмитаси «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарори Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди.

Қарорга кўра, ўзгартириш ва қўшимчалар ҚҚС, акциз солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер солиғи ва мол-мулк солиқлари ҳисобот шаклларига киритилган.

Хусусан:

  • қатъий ставкалар қўлланиладиган акциз солиғи ҳисоб-китоби иловаси бекор бўлади;
  • фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотнома жорий қилинади;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси фаолият тури бўйича алоҳида белгиланиши муносабати билан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботи шаклларининг янги таҳрири тасдиқланди.

Шунингдек, ҚҚС, фойда ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобларидан айрим иловалар ва сатрлар чиқариб ташланди ва таҳририй ўзгартиришлар киритилди.

Маълумот учун, Давлат солиқ қўмитасининг 2020-03-сон «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори лойиҳаси ўтган йили муҳокамага қўйилган ва ҳужжат 2021 йил 1 январдан кучга кириши керак эди.

Аввалроқ, 2021 йил 1 июлидан давлат солиқ хизмати органларининг бошқарув ходимларига ўз даромадлари ва эгалигида бўлган активларни мажбурий декларациялаш тартиби жорий этилиши маълум қилинганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид