Ўзбекистон | 19:56 / 12.05.2021
19353
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги корхона директори Алишер Хидиров Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланди.

Хидиров Алишер Бўриевич Сурхондарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

У 1982 йил Термиз туманида туғилган. 2004 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтини, 2009 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — қурилиш муҳандиси, бухгалтерия ҳисоби ва аудит.

А.Хидиров меҳнат фаолияти давомида «Темирйўллойиҳа» ОАЖ институти техниги, муҳандиси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ капитал қурилиш дирекцияси қурилиш бўйича муҳандис-технологи, «Ўзтемирйўлмаштаъмир» шўъба корхонаси ҳисобчиси, қурилиш бўлими муҳандис-технологи, «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ қурилиш бошқармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган.

Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар 2015 йилдан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги «KASABA QURILISH TA`MIR» шўъба корхонаси директори вазифасида фаолият юритаётган эди.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида 2019 йил октябридан буён Аҳмад Худайшукурович Сувонқулов ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид