11:05 / 13.05.2021
7260

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

2021 йил 13 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тожикистон фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Абдужаббор Азиз Раҳмонзодани қабул қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, вазир ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилиб олиб, элчини Ўзбекистонда фаолият бошлагани билан табриклаган ҳамда ушбу юқори ва масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилаган.

“Учрашув чоғида икки биродар мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси сабабли бугунги кунда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари жадал ривожланаётгани, янги йўналишларни қамраб олиб, амалий мазмун билан бойиётгани қайд этилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, томонлар олий ва юқори даражада бўлиб ўтадиган тадбирлар жадвалини кўриб чиққан ҳамда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашган.

Маълумот учун, Абдужаббор Азиз Раҳмонзода ушбу лавозимда 2017 йилдан буён Тожикистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонасини бошқариб келган Содиқ Имомийни алмаштирди.

2014 йил декабр ойидан буён Абдужаббор Азиз Раҳмонзода Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ижтимоий ривожланиш ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси сифатида ишлаб келаётганди.

Top