Жаҳон | 18:51 / 18.05.2021
15519
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Исроил билан муносабатларни яхшилаган давлатларни хоинлар деб атади

ҲАМАС вакилининг сўзларига кўра, Исроил билан муносабатларни яхшилаган мамлакатлар бугун сионист босқинчиларининг жиноятларига нисбатан сукут сақламоқда.

Фото: РИА Новости

Исроил билан муносабатларни яхшилаган мамлакатлар уялиши керак, деди ҲАМАС ҳаракатининг Жазоирдаги вакили Муҳаммад Усмон Абу ал-Баро. Бу ҳақда Algeria Press Service (АPS) агентлиги хабар бермоқда.

 «Исроил билан муносабатларни яхшилаган мамлакатлар сионист босқинчилар Фаластин аҳолисига қарши жиноятлар содир этаётган вазиятда уялиши керак. Гап Иброҳим келишувларини имзолаш билан якунланган хоинлик ҳақида бормоқда. Бу хоинлик ҳокимият тепасида қолиш учун тўланган бадал», деди у.

 Унинг сўзларига кўра, Исроил билан муносабатларни яхшилаган мамлакатлар бугун сионист босқинчиларининг жиноятларига нисбатан сукут сақламоқда.

2020 йил сентябрда АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг ҳаракатлари билан Вашингтонда Исроил БАА ва Баҳрайн билан муносабатларни яхшилаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. Кейинроқ Судан ва Марокаш Исроил билан муносабатларни яхшилашини эълон қилди.

Бу ҳужжатлар Ғарбда «Иброҳим келишувлари» деб аталди. Фаластин бу келишувларга мутлақо қарши чиқди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид