20:45 / 22.05.2021
7090

Ню-Деҳлида 200га яқин кишида "қора моғор" аниқланди

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, Ҳиндистонда мукормикозга чалинганлар сони камида 7250 нафарга етган.

Фото: AP Photo/Rajanish kakade

Ҳиндистон пойтахтида 200га яқин кишида мукормикоз ("қора моғор") аниқланди. Бу ҳақда Деҳли пойтахт округи соғлиқни сақлаш вазири Сатьендар Жайн маълум қилди.

"Шаҳарда 197та "қора моғор"га чалиниш ҳолати қайд этилди. Авваллари бир йилда 30-50та ана шундай ҳолат аниқланарди, эндиликда уларнинг сони кескин ўсди", - деди Жайн.

Унинг сўзларига кўра, 10га яқин хусусий клиника ва учта давлат шифохонасида "қора моғор"га чалинган беморлар даволанмоқда.

У мукормикоздан даволаш учун дорилар етишмаётганини айтди.

"Тақчиллик бутун мамлакат бўйлаб кузатилмоқда, Деҳли ҳам бу муаммога дуч келган", - деди вазир.

Мукормикозга чалиниш ҳолатлари Ню-Деҳлида, Ражастон, Телангана, Махараштра, Карнатака, Уттаракханд, Мадхя-Прадеш, Андхра-Прадеш ва Биха штатларида қайд этилган. Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, Ҳиндистонда мукормикозга чалинганлар сони камида 7250 нафарга етган.

Аввалроқ Ражастон ва Телангана штатларида мукормикоз эпидемияси эълон қилинганди.

Top