11:35 / 23.05.2021
19303

Симеоне ва Суарес бир-бирини топди. Улар «Атлетико»ни чемпион қилишди

Икки ақлдан озган жанубий америкалик тарих яратишди.

Фото: Reuters

Испания чемпионати. Лига 1. 38-тур
«Вальядолид» — «Атлетико» — 1:2 (1:0)
Голлар: Оскар Плано, 18 (1:0). Корреа, 57 (1:1). Суарес, 67 (1:2).
«Вальядолид»: Масип, Кико Оливас, Оласа, Янко (Э.Перес, 82), Ал-Ямиқ, Меса (Мичел, 62), Сан Эметерио (Эрвиас, 82), Оскар Плано, Вилья (Гвардиола, 62), Вайссман, Маркос Андре (Жоау Филипе, 62).
«Атлетико»: Облак, Триппьер, Фелипе, Хименес, Эрмосо (Лоди, 63), Коке, Сауль (Жоау Фелиш, 63), Льоренте (Кондогбия, 79), Суарес, Феррейра-Карраско, Корреа (Эррера, 85).
Огоҳлантиришлар: Маркос Андре, 55. Эль-Ямик, 70. Мичел, 74. Жоау Феликс, 78. Сан Эметерио, 78. Фелипе, 83. Лоди, 87.
Ҳакам: Санчес Мартинес.
22 май. Вальядолид. «Хосе Соррилья» стадиони.

Испанияда ўтган мавсум шоша-пиша якунлаб қўйилган вақтда жуда кўпчилик янги мавсумда етакчи клублар қандай ҳолатда бўлишини, чемпионат чинакамига омон қолиш учун пойгага айланишини тасаввур қила олмасди. Пандемия туфайли янги мавсум одатдагидан анча кеч бошланди ва бу тақвим тиғиз бўлишини талаб этарди, еврокубок ўйинларида эса турлар орасида аввал бўлгани каби икки ҳафталик танаффус йўқ эди, терма жамоалар бир ҳафта ичида учтадан ўйин ўтказишди.

Шундай экан, Испаниянинг янги чемпиони — худди Леонардо Ди Каприога илк «Оскар» келтирган «Омон қолган» фильми қаҳрамони кабидир. Бу эстремал шароитларда камроқ йўқотишларга йўл қўйган, бардошли жамоа бўлди. «Барселона» можаролар ботқоғидан чиқишга ва Роналд Куман футболига мослашишда давом этаётган, «Реал» эса ўтган мавсум чемпионлигидан сармаст ҳолатда янги мавсум учун иштиёқ топа олмаётган пайтда «Атлетико» анча илгарилаб кетди ва бу Диего Симеоненинг етти йил олдинги триумфини ҳам эслатиб юборарди.

Ўшанда ҳам «матрасчилар» рақибларидаги инқирозли ҳолатдан фойдаланиб қолгани ҳақида гапиришганди. Аммо бу сафар барча бир хил шароитда эди, гарчи Зинедин Зидан ўнлаб жароҳатларни баҳона қилиши мумкин бўлса-да, «Атлетико»да ҳам муаммолар бор эди.

Турли сабаблар туфайли чизиқларда футболчилар етишмаслиги туфайли Симеоне мажбуран уч марказий ҳимоячилик схемада ўйнади. Унда ўнг қанотга тушириш учун футболчи қолмаган вақтлар ҳам бўлди ва ўйин натижалари учун пул тикиб, қоидаларни бузгани туфайли узоқ муддатга четлатилган Киран Триппьернинг дисквалификацияси бекор қилингач, мураббий енгил тин олди. Симеоне ҳужумчисиз қолган вақтлар бўлди, аммо у Анхел Корреани ҳужум марказига юборди ва бу футболчи фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказди.

Таянч яримҳимоячиси Маркос Льоренте ҳужумкор ҳавбекка айлантирилиши эса буткул кутилмаган трансформация бўлди. Афтидан, мураббий «Реал»нинг ушбу тарбияланувчиси «Энфилд»да феноменал овертайм намойиш этиб, дубль ҳамда Альваро Моратага голли узатма қайд этган ҳолда «Ливерпуль»ни Чемпионлар лигаси ғолиблигини сақлаб қолиш имконидан маҳрум қилганидан илҳомланган.

Ўтган мавсумнинг якуний қисмида Льоренте тўлиқ ҳужумда ўйнаган ва бу вақтинча порлашдек кўринганди. Аммо бутун чемпионат давомида топ-даражада ўйнаш — бошқа масала. Льоренте 11 голли узатма муаллифи бўлиб, чемпионатнинг энг креатив яримҳимоячига айланди, у шунингдек, энг яхши ассистентлар рейтингида Яго Аспасдан кейин иккинчи бўлди. «Атлетико» ҳавбекининг қайси ютуғи зўрроқ эканини аниқ айтиб бўлмайди: самарали пасларими ёки урилган голларими? Эҳтимол, ким учундир 12та аниқ зарба зўр кўрсаткич эмасдир, аммо бу рақамлар — Льорентенинг аввалги олти мавсумдаги натижасидан икки баробар кўпроқ.

Ушбу ҳавбек Мадриднинг триумфал мавсумининг асосий қаҳрамонларидан эканига шубҳа йўқ.

Яна бир томонда — «гол уриб бўлмас» Ян Облак. Словениялик дарвозабон март ойи охирларида «Алавес»га қарши ўйиннинг (1:0) сўнгги дақиқаларида пенальтини қайтаришини олтин голга қиёслаш мумкин. Кейин май ойи бошида бу тарих «Эльче»га қарши ўйинда такрорланди, Облакнинг репутацияси Фиделни ваҳимага солди.

Албатта, жамоага омад ҳам ҳамроҳ бўлди. Юқоридаги вазиятлардан катта ғалабалар яралди, аммо чемпионликда омаднинг улуши у қадар каттамас. «Атлетико»нинг ўзи омаднинг думидан маҳкам ушлаб олди. Финишдаги ақл бовар қилмас интрига — жамоанинг «хизмати». «Атлетико» чемпионлик масаласини анча аввал ҳал қилиб қўйиши ҳам мумкин эди, аммо феврал ойидан жамоа ўйинида барқарорлик йўқолди ва бу «Барселона» ҳамда «Реал»га ҳам имкон тақдим этди. Аммо ҳал қилувчи паллаларда кўк-анорранглилар ва қаймоқранглилар имиллашди, «матрасчилар» эса қотил режимини ёқишди

Сўнгги турлардаги иккита иродали ғалаба — чемпионларга хос бўлди. Бу ўйинларда Луис Суареснинг ғалаба келтирган голлари — мавсумни безади.

Уругвайлик ҳужумчини «Барселона»дан ҳайдаб солишганди, каталонияликлар харажатларни қисқартиришга мажбур эди, аммо бу ушбу трансфер хато бўлганини оқлай олмайди. Кўк-анорранглилар жамоаси мухлисларига йиллар давомида хурсандчилик улашиб келган бу инсон ҳурмат билан хайрлашувга сазовор эди. Якунда Суарес Симеоненинг чемпионлик коктейлига етишмай турган ингредиент бўлиб чиқди.

«Атлетико» ёзда текинга келадиган ҳужумчи қидирганди, аммо барибир Суарес учун 7 миллион евро тўлашга рози бўлишди. Уругвайлик ҳужумчи 27 сентябрь куни «Гранада»га қарши ўйинда дебют қилди. 70-дақиқада Коста ўрнига майдонга чиқиб, 2 гол уриб, яна бир голга узатма берди.

Суарес Коста билан ажойиб жуфтлик бўлиши мумкин эди, аммо испаниялик ҳужумчи жароҳат олиб бир ойга сафдан чиқди, кейин формасини тиклай олмай, клуб билан шартномани бекор қилди. Суарес эса ҳужум чизиғида Фелиш билан ҳам яхши тандем ҳосил қила олди. Февраль ойига келиб у ла лига тўпурарлари пойгасида 16 ўйинда 14 гол урган ҳолда етакчи эди, «Атлетико» эса энг яқин таъқибчисини 10 очкога ортда қолдириб кетганди.

Бу яхши маънодаги «жинни» жанубий америкаликлар бир-бирини топишди. Луисдан у ҳали суперфорвард эканини исботлаш талаб этиларди. Мураббийга эса — бир неча омадсиз мавсумдан кейин чинакамига катта муваффақият керак эди. Якунда уругвайли 32 ўйинда 21 гол урди, унинг ҳал қилувчи зарбалари жамоага шунча очко келтирди. У яна уч голга узатма берди ва статистикага кўра, «матрасчилар»нинг ҳар учинчи голи унинг иштирокида бўлди. У 37-турда «Осасуна»га қарши ўйинда (2:1) ўз вақтида рақиб жарима майдонида очилиб, ҳал қилувчи голни урди. У «Вальядолид»га қарши чемпионлик ўйинида дарвозадан 50 метр масофада тўпни эгаллаб, уни дарвозага қадар олиб борди. Январь ойида 34 ёшга тўлган бу футболчини ўша вазиятда ҳеч ким қувиб ета олмасди.

Суарес «Атлетико»нинг 2015-16 йилги мавсумдан кейин Антуан Гризманндан кўра кўпроқ гол урган илк форварди бўлди. Симеоне ўтган вақт мобайнида керакли ҳужумчи қидириб юзлаб миллион евро сарфлади. Жексон Мартинес, Марио Манжукич, Никола Калинич, Лусиано Вьетто, Кевин Гамейро - ҳужум марказида ҳаракат қилган бу футболчиларнинг бирортаси барқарор ўйин намойиш эта олмаганди.

Симеоне эса яна бир бор кучли мураббий эканини исботлади. Ҳолбуки унинг ўрнида бўлганида исталган мураббий жамоадан кетиб қолган бўларди. Чемпионлар лигасида қаторасига икки мавсумда мағлубиятдан кейин аргентиналик мутахассис йилдан йилга «қулоқли» совриндан узоқлаша борди. Испанияда бошқалар доминионлик қилишди, Симеоне эса бир неча бор истеъфо ёқасига келди. Клубни Антуан Гризманн ва Томас Партей каби етакчилар тарк этиб кетишди.

Аммо Симеоне барчасини енгиб ўтди ва тактик жиҳатдан мослашувчан «Атлетико»ни яратди. Бу жамоа энди ўйин давомида бир неча марта схема ўзгартириб ўйнаши мумкин, жамоа ушбу мураббий даврида илк бор мавсумда тўпга эгалик қилиш бўйича ўртача бир ўйинда 50 фоиздан ортиқ натижа қайд этди (ўтган мавсумда 47,1 фоиз бўлган, бу йил 51,8 фоиз). Шу туфайли бу ғалабани нафақат жамоанинг, балки Симеоненинг шахсий ғалабаси дейиш ҳам мумкин.

Top