00:19 / 25.05.2021
14687

UZREPORT TV муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, Beeline'ни судга берди

Бу ҳақда телеканал расмий сайтида маълум қилинди. Beeline компаниясининг бу борадаги позицияси ҳозирча маълум эмас.

«UZREPORT TV телеканали судга мурожаат қилишининг сабаби, «Unitel» МЧЖ («Beeline» савдо белгиси) компанияси ўзига тегишли бўлган «Beeline ТВ» мобил иловасида UZREPORT TV билан шартнома тузмасдан UZREPORT TV ва ФУТБОЛ ТВ телеканалларини намойиш қилиб, моддий манфаат кўриб келмоқда.

Мазкур ҳаракатлари билан «Unitel» МЧЖ UZREPORT TV телеканалининг қонуний ҳуқуқларини бузмоқда», – дейилади телеканал ахборотида.

«Beeline компаниясини бир неча марта огоҳлантирдик. Ҳуқуқий давлатларда муаллифлик ҳуқуқларига амал қилиниши шарт. Аммо Beeline бундай ҳуқуқларни бузди ва бузишда давом этмоқда. Демак ҳаммасини судда ҳал қилиш фурсати етди», – деди телеканал ҳуқуқшуноси Мирзоҳид Ғаниев Kun.uz'га берган изоҳида.

UZREPORT TV суддан «Unitel» МЧЖ компанияси «Beeline ТВ» мобил иловасида UZREPORT TV ва ФУТБОЛ ТВ телеканалларини шартнома тузмасдан намойиш этмасликни сўраган.

UZREPORT TV (ФУТБОЛ ТВ) – футбол бўйича Европанинг бир қатор миллий чемпионатлари (AПЛ, Ла лига, Италия A серияси), Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, шунингдек, Жаҳон ва Европа чемпионати каби бир қатор мусобақаларнинг Ўзбекистон бўйлаб эксклюзив трансляция ҳуқуқи эгаси ҳисобланади.

Top