13:26 / 03.06.2021
2350

Сурхондарёда анор сотган деҳқоннинг пули ундириб берилди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида анор сотган деҳқоннинг пули харидордан ундириб берилган. Бу ҳақда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот котиби Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи фуқаро Т.Абдуллаев томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақами орқали мурожаат келиб тушган. Унда мурожаатчи ўз томорқасида етиштирган анор ҳосилини тадбиркор С.Қиличевга 23 миллион 392 минг 800 сўм эвазига сотганини ва пулини ололмай юрганини билдирган.

Аниқланишича, тадбиркор ўзи олган анор ҳосили учун олдиндан 4 миллион сўм пул берган ва қолган пулни кейин беришини айтган. Аммо Т.Абдуллаев харидорга бир неча маротаба пулни сўраб мурожаат қилган бўлса-да, у турли баҳоналар орқали пулни бермаган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижасида анор сотувчиси олиши лозим бўлган 19 миллион 392 минг сўм пулдан 17 миллион сўми фуқарога олиб берилган. Шунингдек, харидор харид ҳақининг қолган қисмини ҳам тез орада тўлаб беришини маълум қилган.

Top