Ўзбекистон | 10:15 / 10.06.2021
15051
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон дарёсида сув ҳажми ўтган йилгидан сезиларли камайгани маълум бўлди

Зарафшон дарёсида апрель-май ойларида сув ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли кам бўлган. Бу ҳақда Гидрометеорология маркази хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Зарафшон дарёсининг ўрта оқими Самарқанд вилоятига тўғри келади. Жумладан, вилоятнинг Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Ургут, Булунғур, Тойлоқ, Жомбой, Паст Дарғом, Нуробод, Иштихон, Каттақўрғон, Пахтачи, Нарпай, Пайариқ ва Оқдарё туманлари асосан шу дарёдан сув олади.

Қайд этилишича, Зарафшон муз-қор сувлари ҳисобига тўйинувчи дарёлар қаторига кириб, ёз ойларида асосан баланд тоғликлардаги музликлар ва қор қопламлари эриши ҳисобига тўйинади. Бунда атмосфера ёғинлари улуши деярли бўлмайди. Ушбу даврда дарё оқими ҳисобига ерости сувлари ҳам кўтарилади. Дарё ўзанида июнь-июль ойларида максимал сув оқими ўтиши ҳисобига ерости сувлари сатҳи меъёрга яқинлашади.

Таҳлиллар натижасининг кўрсатишича, Зарафшон дарёси вегетация (апрель-сентябрь) даври давомида Ўзбекистон ҳудудига ўртача 3,65 км³ оқим олиб киради. Ўтган 2020 йилнинг вегетация даврида ушбу қийматнинг 82 фоизи кириб келган. Шунингдек, апрель-май ойларида Зарафшон дарёси вегетация оқимининг ўртача 20 фоизи оқиб ўтади. Бу қиймат 2021 йилда 11 фоизга тенг бўлган.

Таъкидланишича, Зарафшон дарёсида июнь-июль ойларида вегетация даври оқимининг 50 фоизидан кўпроғи оқиб ўтади. Ўтган 2020 йили ушбу қиймат 41 фоизга тенг бўлган бўлса, 2021 йилнинг июнь-июль ойларида бу миқдор 45 фоизга яқин бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид