Тонировка нархини камайтириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди
Ўзбекистонда рекорд даражада иссиқ об-ҳаво кузатилиши ортидан, автомобиллар ойналарини қорайтириш масаласи яна кун тартибига чиқди.
Президент Администрацияси автомобиллар ойнасини тонировка қилиш учун рухсатнома нархини арзонлатишга оид қарор лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигига асосланиб, Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.
«Ёз келиб, кунлар исиши билан тонировка масаласи кун тартибига чиқади. Жойларда фуқаролар, ёшлар билан учрашувларда, ижтимоий тармоқларда айнан тонировка бўйича жуда кўплаб мурожаатлар бўлади.
Шу мурожаатлардан келиб чиқиб, ҳамкасбим Баҳром Раҳмоналиев билан тонировка нархини пасайтириш юзасидан 2-3 хил таклифлар тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритишдан аввал Ички ишлар вазирлигига таклифларимизга муносабат билдиришларини сўраб, депутатлик сўрови юборгандик.
Бугун Ички ишлар вазирлигидан сўровимизга жавоб келибди. Ёмон томони, ҳар доимгидек сўровга аниқ жавоб йўқ, таклифларимизга ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.
Яхши томони, жавобда айтилишича, тонировка нархини камайтириш юзасидан Президент Администрацияси томонидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва бу лойиҳага Ички ишлар вазирлиги томонидан тегишли таклифлар билдирилган.
Демак, яқин орада тонировка масаласи бўйича ижобий ўзгариш бўладиганга ўхшайди. Автомобил ойналарини қорайтиришга доир чекловлар буткул бекор қилинишини кутмасам-да, лекин тонировка учун белгиланган нархлар сезиларли миқдорда пасаяди, деб умид қиламан», – дея ёзди Дониёр Ғаниев Telegram'даги каналида.
Эслатиб ўтамиз, бу йил баҳор охири ва ёзнинг илк кунлари анча жазирамали келди. 31 май куни мамлакатда 80 йиллик ҳарорат бўйича мутлақ максимум қайд этилди.
3–7 июнь кунлари эса Тошкентда уч асрнинг максимум ҳарорати кузатилди.
Айни пайтда автомобилларнинг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) рухсатномаси нархи жисмоний шахслар учун 5 БҲМ (1 225 000 сўм) этиб белгиланган.
Ҳам орқа, ҳам олд ён ойналар тонировкаси учун эса 50 БҲМ (12 250 000 сўм) нарх сақланиб қолмоқда.
Шу йил феврал ойида ИИВ ЙҲХББ рухсатсиз «тонировка» учун жарима миқдорини камайтириш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилганди. Эслатиб ўтамиз, икки йил олдин автомобил ойнасини рухсатсиз қорайтирганлик учун жарима миқдори 25 бараварга (25–40 БҲМ) оширилган.
Мавзуга оид
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024