Жаҳон | 12:18 / 18.06.2021
10599
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Туркманистонни глобал иқтисодиёт ҳисоботидан олиб ташлади

Бунга давлатнинг ташкилотга нотўғри маълумот бергани сабаб бўлган.

Фото: Getty Images

Жаҳон банки ишончли статистик маълумотларнинг йўқлиги сабабли Туркманистонни «Глобал иқтисодий истиқболлар» ҳисоботига бундан буёғига киритмайди.

«Ишончли ва сифатли маълумотларнинг етишмаслиги сабабли, Жаҳон банки ҳозирда Туркманистон ва Венесуэла учун иқтисодий маълумотлар, даромадлар ёки ривожланиш кўрсаткичларини нашр этмаяпти. Туркманистон ва Венесуэла макроиқтисодий агрегатлардан ажратилган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси ҳам апрель ойида Туркманистоннинг расмий маълумотларини World Economic Outlook 2020 ҳисоботи учун ишлатишдан бош тортганди. ХВЖ Туркманистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 0,8 фоизни ташкил этганини келтирган бўлса, Туркманистон ҳукумати маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 5,9 фоизни ташкил қилган.

Глазго университети профессори, Марказий Осиё масалалари бўйича мутахассис Лука Анческий Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар ўзларининг ҳисоботларида Туркманистон ҳукуматининг маълумотларига таяниб, мамлакатдаги ҳақиқий ҳолат акс эттирилмаган рақамларни кўрсатганини айтиб ўтган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид