12:25 / 19.06.2021
11651

Май ойида Ўзбекистон қарийб 1,2 миллиард долларлик олтин сотди

Жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 13,2 фоизга кўпайди. Хусусан, ушбу давр мобайнида экспорт ҳажми 14 фоизга, импорт ҳажми эса 12,7 фоизга ўсган. ТСА тиклана бошланишининг асосий сабабларидан бири сифатида май ойида олтин экспорт қилинганини келтириш мумкин.

Фото: Shutterstock

2021 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 14,5 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 млрд долларга ёки 13,2 фоизга кўпайган. Лекин бу кўрсаткич 2019 йилнинг дастлабки 5 ойидаги натижалардан 5,5 фоизга кам.

Ташқи савдо тиклана бошлашининг асосий сабабларидан бири сифатида май ойида олтин экспорт қилинганини ҳам келтириш мумкин. Хусусан, ўтган ой давомида 1,2 миллиард долларлик олтин сотилган.

ТСАда экспорт ҳажми 5,73 миллиард долларга (14 фоизга кўпайган), импорт ҳажми 8,83 миллиард долларга (12,7 фоизга кўпайган) етди. Ҳисобот даврида – 3,1 миллиард доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.

ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (18,4 фоиз), Россия (16,5 фоиз), Қозоғистон (10,5 фоиз), Туркия (8,9 фоиз), Корея (4,5 фоиз), Қирғизистон (2,3 фоиз) ва Афғонистон (2 фоиз) билан қайд этилган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан олтита давлат, хусусан, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Канада ва Эрон билан фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 14та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Шунингдек, жорий йилнинг январь-май ойларида ТСАнинг 36,1 фоизи МДҲ давлатларига тўғри келиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 фоизга кўпайган.

Top