Жаҳон | 16:00 / 29.06.2021
11299
1 дақиқада ўқилади

Садир Жапаров Душанбеда Имомали Раҳмон билан учрашди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 28 июн куни расмий ташриф билан Тожикистонга борди. Жапаровни Душанбе халқаро аэропортида Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода кутиб олди.

Бугун, 29 июн куни Жапаров «Қасри миллат» қароргоҳида тожикистонлик ҳамкасби Имомали Раҳмон билан учрашди. У ерда Жапаровни расман кутиб олиш маросими ўтказилиб, икки мамлакат мадҳиялари янгради. Кейин ҳар икки мамлакат президентлари ҳамкасбларига ўз делегациясини таништирди.

Жапаров ташрифининг асосий қисми тет-а-тет кўринишида ўтди. Унда Қирғизистон ва Тожикистон президентлари ўзаро муносабатлар, мамлакат чегарасидаги ҳолатни муҳокама қилган.

Учрашув давомида Жапаров 28-30 апрел кунлари икки мамлакат чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувларни ёдган олди: «Алоҳида таъкидламоқчиман, икки мамлакат ҳам бундан кейин қуролли тўқнашувлар содир бўлишига йўл қўймаслиги керак. Биз қардош миллатлармиз, доим яхши қўшничилик муносабатини ўрнатганмиз», деган Қирғизистон президенти.

Апрел ойининг охирларида Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида қуролли тўқнашувлар содир бўлганди. Жангларда расмий маълумотларга кўра Қирғизистон томондан 36 киши, Тожикистондан 19 киши ҳалок бўлган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид