16:41 / 05.07.2021
1609

Тошкентда 165 млн сўмлик телефон ва планшетлар ўғрилари ушланди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги МЧЖлардан бирининг омборида сақланаётган телефон ва планшетлар ниқобланган икки шахс томонидан ўғрилаб кетилган.

Тошкент шаҳар ИИББ мультимедиа маркази хабарига кўра, Сардор исмли шахс ўзининг Шоҳ исмли шериги билан омборхонага жорий йил 17 июнь куни тунги соат 3:40 да кириб келишган. Бунинг учун улар баланд нарвондан фойдаланиб, омборхона ойнасини синдириш усулини қўллаганлар.

Ниқоб тақиб олган гумондорлар икки сумкага тўлдириб, жами қиймати 165 млн сўм бўлган телефон ва планшетларни олиб воқеа жойидан яширинишган. Муқаддам судланган Сардор бир нечта телефонни сотганидан кейин ижарага олган хонадонида қўлга олинган.

“Мен ўғриликка тушаётганимдаёқ қўлга тушишимни сезган эдим. Чунки ҳар қадамда камералар бор эди. Лекин билиб турсам ҳам бу йўлдан қайтмадим, чунки жуда пулга муҳтож эдим”, – дея ўз ҳаракатларини изоҳлайди у лавҳада.

Гумондорларга ЎзР ЖК 169 моддаси 4-қисми А банди билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Top