16:21 / 06.07.2021
24212

АҚШда дам олиш кунлари юз берган отишмаларда 150 киши ҳалок бўлди

Чикагода ўтган дам олиш кунлари 83 киши ўқотар қуролдан жароҳатланган бўлиб, 14 киши жароҳатлар оқибатида вафот этган. 

Фото: Gregory P. Mango

АҚШда ўтган дам олиш кунлари содир этилган 400дан ортиқ отишма оқибатида 150 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакатдаги зўравонлик ҳолатларини кузатиб борувчи Gun Violence Archive тадқиқот гуруҳи маълумотларига таяниб CNN хабар берди. 

Маълумот берилишича, 2-4 июл кунлари Нью-Йоркда юз берган 21та отишма натижасида 26 киши қурбон бўлган. 

Чикагода ўтган дам олиш кунлари 83 киши ўқотар қуролдан жароҳатланган бўлиб, 14 киши жароҳатлар оқибатида вафот этган. 

23 июн куни АҚШ президенти Жо Байден АҚШда жиноятчиликка қарши курашиш стратегиясини тақдим этганди. Маъмурият ноқонуний қурол сотувчиларни жавобгарликка тортиш ва федерал ҳукумат томонидан маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини қўллаб-қувватлаш орқали мақсадга эришишни кўзламоқда.

Оқ уй баёнотида қайд этилишича, 2020 йилда мамлакатнинг йирик шаҳарларида қотилликлар сони ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошган. Ўточар қурол билан ҳужум қилишлар сони 8 фоизга, ушбу йилнинг биринчи чорагидаги қотилликлар сони эса ўтган йилдагига нисбатан 24 фоизга ошган.

Top