Жаҳон | 15:02 / 08.07.2021
4988
2 дақиқада ўқилади

Токиода яна фавқулодда вазият режими жорий этилади

7 июл куни Токиода коронавирус юқтириш билан боғлиқ 920та ҳолат қайд этилган. Токиода охирги марта сутка давомида 900дан ортиқ ҳолат 13 майда аниқланганди.

Фото: AP Photo/Kiichiro Sato

Коронавирус инфекцияси сабабли Япония ҳукумати Токиода 12 июлдан 22 августгача фавқулодда вазият режимини жорий этади. Бу ҳақда мамлакат иқтисодиётни тиклаш вазири Ясутоси Нисимура маълум қилди.

«Токиода касаллик юқтириш ҳолатлари сақланиб қолмоқда, шу билан бирга, «дельта» штамми тарқалмоқда. Инфекция тарқалишини тўхтатиш ва соғлиқни сақлаш тизимини ҳимоя қилиш учун 12 июлдан 22 августгача фавқулодда вазият режимини жорий этамиз», деди у.

Нисимура шунингдек, Окинава префектурасида ҳам ушбу режим жорий этилишини айтди. Бундан ташқари, Тиба, Сайтама ва Канагава префектуралари, Осакада кучайтирилган чоралар 22 августгача давом этади.

Токиода 20 июнгача фавқулодда вазият режими амал қилган, сўнгра 11 июлгача кучайтирилган чоралар режими киритилганди. 

Япония соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 7 июл куни Токиода коронавирус юқтириш билан боғлиқ 920та ҳолат қайд этилган. Токиода охирги марта сутка давомида 900дан ортиқ ҳолат 13 майда аниқланганди.

Эслатиб ўтамиз, Токиода 23 июлдан 8 августгача ёзги Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтади.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид