Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШнинг Суриядаги базаси бир кун ичида икки марта ҳужумга учради
Сурия шимоли-шарқида жойлашган америкалик ҳарбийлар охирги сутка ичида икки марта номаълум шахслар ҳужумига учради. Бу ҳақда Al-Hadath телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳужум АҚШ қуролли кучларининг Даур-аз-Зор вилоятида жойлашган “Коноко” нефть-газ кони яқинидаги базасига қаратилган бўлган. Гап АҚШнинг Сурия шимоли-шарқидаги энг йирик базаси ҳақида бормоқда. Бу ҳудудда “Коноко”дан ташқари яна бир йирик нефть кони – Ал-Умар жойлашган.
Таъкидланишича, ҳужумга учраган база устида қуюқ оқ тутун кўтарилган, ҳаво тревогаси сиреналари янграган. Маълум қилинишича, ҳужум оқибатида моддий зарар етказилган. Базада хизмат ўтаётган ҳарбийлар орасида жабрланганлар борлиги ҳақида маълумот олинмаган.
Аввалроқ SANA ахборот агентлиги тунда “Коноко” нефтни қайта ишловчи заводида портлаш содир бўлганини маълум қилганди. Бироқ бир неча соатдан кейин ҳужумга АҚШ базаси учрагани маълум қилинган. Ироқнинг Rudaw телеканали таъкидлашича, базага ракета билан зарба берилган.
АҚШ мудофаа вазирлигида америкалик ҳарбийлар Сурияда ҳужумга учрагани тасдиқланган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида талафотлар ва жабрланувчилар бўлмаган.