Ўзбекистон | 11:29 / 12.07.2021
11957
3 дақиқада ўқилади

Тошкент конференцияси кун тартиби бўйича маълумот берилди

Тошкентда 15-16 июль кунлари ўтказиладиган халқаро конференцияда 600дан ортиқ иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ учун ўтказилган анъанавий брифингда бошланган ҳафтада давлат раҳбари иштирокида қандай тадбирлар режалаштирилгани тўғрисида маълумот тақдим этди. 

«15-16 июль кунлари Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани ва Покистон Ислом Республикаси бош вазири Имрон Хон ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Покистон етакчиси расмий ташриф билан, Афғонистон раҳбари эса Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция доирасида амалий ташриф билан келмоқда.

Бу конференция, шубҳасиз, жорий ҳафтанинг энг муҳим тадбири бўлади. Унинг ишида, аввал қайд этилганидек, Афғонистон ва Покистон президентлари, шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррел, 20дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Иштирокчиларнинг умумий сони 600дан ортиқ. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокчиларга видеомурожаат йўллайди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ялпи ва шуба мажлисларида минтақавий боғлиқликни янада чуқурлаштириш имкониятлари, шу жумладан, савдо ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликнинг барқарор ўсишни таъминлашдаги ўрни, маданий-гуманитар алоқаларни қайта тиклаш орқали дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги таҳдид ва хатарлар муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Афғонистон ва Покистон президентлари, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Туркия, Бангладеш, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, АҚШ президентининг Ички хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсий идораси раҳбари Жозеп Боррель билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган», дея Шерзод Асадовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид