Бюджет тақсимотида сиз ҳам қатнашинг. “Очиқ бюджет” портали қандай ишлайди?
1 августгача республикадаги барча туман ва шаҳарлар аҳолиси ўз ҳудудидаги йўл ёки бинолар таъмири, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ёритиш тизими билан боғлиқ муаммоларни “Очиқ бюджет” порталига ёзиб қолдириши мумкин. Жамоатчилик тасдиғидан ўтган лойиҳалар маҳаллий бюджет даромад ва харажатларининг маълум қисмидан молиялаштирилади.
“Очиқ бюджет” портали нима учун керак?
Кунлик маҳаллий хабарларнинг аксарияти туман ва шаҳарларда учраётган ижтимоий-иқтисодий муаммо ва камчиликлар билан боғлиқ: йўл, сув, электр, таъмирга муҳтож объектлар ва ҳоказо.
Мутасаддилар ҳар бир маҳаллага эътибор бера олмагани ёки бюджет пуллари ҳисобли бўлгани сабабли мамлакатда кўплаб муаммолар ечилмай келади. Аммо маълум платформа орқали одамлар дарди эшитилса, улар учун оғир масала зарурлик даражасига қараб ечим топса, бу яхши. Айниқса, маҳаллий бюджетнинг бир қисми фуқаролар истагига кўра ишлатилса, кўпчиликка енгиллик яратилиши мумкин.
Молия вазирлиги “Очиқ бюджет” порталининг (www.openbudget.uz/) ташкил этилишидан мақсад бевосита фуқаролар ташаббус ва талабларини инобатга олган ҳолда камчиликларни бартараф этиш эканини урғулайди.
Бу тизим ҳақида маълумот бериларкан, фуқаролар истиқомат қиладиган туман ёки шаҳарда айнан уларни қийнаб келаётган, ечими маблағ билан боғлиқ муаммолар ҳал этилишида кўмакчи порталлиги таъкидланяпти.
Ташаббус билдиринг ва ташаббусларга овоз беринг
Ташаббусли бюджет жараёнида иштирок этган ҳолда ҳудуд аҳли ўз таклифларини билдириши ёки эҳтиёжларини акс эттирган бошқа таклифларга овоз бериши мумкин. Бу жараён онлайн тарзда амалга оширилади.
Иштирокчи порталда рўйхатдан ўтгач, бир неча йўналишлардаги масалаларда таклиф ва талабларини қолдира олади.
Масалан, ҳудуддаги ичимлик суви таъминоти, ёритиш тизими билан боғлиқ камчиликлар, яроқсиз ҳолатга келиб қолган ички йўллар ёки ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда моддий-техник базасини яхшилаш бўйича таклиф киритиш имкони бор.
Битта туман ёки шаҳарга қанча пул ажратилади?
“Очиқ бюджет” портали 2018 йилдаги президент қарори билан ташкил этилган бўлиб, шу пайтга қадар ҳар бир туман ёки шаҳарга ҳудуд аҳолиси таклиф қилган муаммолар ечими учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадларидан 10 фоиз миқдорида маблағ ажратилган.
Эндиликда портал янги талқинда ишлай бошлади. Қўшимча даромадларнинг 10 фоизлик миқдори 30 фоизга кўтарилди. Шунингдек, жорий йилнинг май ойидан бошлаб маҳаллий бюджет харажатларининг 5 фоизи ҳам жамоатчилик фикри асосида сарфланиши белгилаб қўйилди.
Бу тизим ҳозирча синов тариқасида республикадаги 14та туман ва шаҳарда ишламоқда. Уларга 3 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача, жами 92,7 млрд сўм маблағ йўналтирилди.
Масалан, Жиззах вилояти Дўстлик тумани йиллик харажатларидан (5 фоизи) 3 млрд сўм ҳудуд аҳолиси талабига асосан ишлатилади.
Андижон вилояти Асака тумани харажатларидан (5 фоизи) 10 млрд сўм жамоатчилик билдирган муаммолар ечимига сарфланади. Бунда ҳудуд харажатларининг умумий қиймати ҳисобга олинади.
2021 йилда “Очиқ бюджет” портали орқали қилинадиган харажатларга жами 157 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.
2022 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги барча туман ва шаҳарларда ҳар иккала манбалар бўйича, яъни ҳудуд харажатларидан 5 фоиз ва қўшимча даромадлардан 30 фоиз миқдордаги маблағлар жамоатчилик талаби асосида сарфланиши белгиланган.
Таклифлар йилда икки марта йиғилади
Фуқароларнинг порталда таклифлар билан иштирок этиши бир йилда икки марта амалга оширилади.
Айни пайтда ушбу жараён давом этмоқда. Яъни 1 июлдан 1 августгача фуқаролар ўз ҳудудида учраётган камчиликлар ечимига оид лойиҳаларни портал орқали онлайн тарзда таклиф этишлари мумкин.
Вазирлик департамент директори Шерзод Муҳаммедовнинг айтишича, лойиҳалар 10 иш куни ичида саралаб олинади.
“20 кун давомида, яъни 1 сентябрга қадар лойиҳалар овозга қўйилади. Сўнгра туман ва шаҳар халқ депутатлари қарорларига мувофиқ, ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш ишлари бошланади”, – дейди у.
Таъкидланишича, порталга ҳар йили 10 февралга қадар ўтган йилда жамоатчилик фикри асосида сарфланган маблағлар тўғрисида ҳисобот жойлаштириб борилади. Бажарилган ҳар бир иш жамоатчилик назоратида бўлади.
Муаммо аҳоли фаоллигининг пастлигидами?
“Очиқ бюджет” порталида келтирилишича, 2020 йил ҳолатига Ўзбекистон аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик бўйича халқаро рейтингда 190-ўринда туради. Бу эса ўз навбатида фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишда фаолроқ бўлиши кераклигини кўрсатади.
“Очиқ бюджет” портали ишга тушганига бир неча йил бўлса-да, аҳоли томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифлар сони у қадар кўп эмас. Одамларда барча янгиликлардан хабардорлик даражаси юқори эмаслиги ҳам бор гап.
Молия вазири Тимур Ишметовга кўра, фуқароларда ўз истакларини маълум қилишда фаоллик етишмаяпти.
“Асосий муаммо ва камчилигимиз – порталнинг техник имконияти билан эмас, бу аҳоли фаоллигининг пастлиги билан боғлиқ. Одамлар “Очиқ бюджет” портали орқали фаолроқ бўлишса, порталдан тўғри фойдаланилса, муаммоларни биргалашиб ҳал қилсак бўлади”, – деди вазир янгиланган портал тақдимотида.
Порталга киришни, интернет ишлатишни билмайдиганлар-чи?
Расмийларга кўра, фуқароларда “Очиқ бюджет” порталидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлмаса, улар ўз таклифларини тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлимида ёзма равишда қолдиришлари ҳам мумкин.
Ўша таклифларни ҳокимлик масъул ходими мустақил равишда “Очиқ бюджет” ахборот порталига киритади.
Берилган таклифларни амалга оширишнинг умумий қиймати белгиланган бўлиб, харажатлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробаридан (980 млн сўм) ошмаслиги лозим. Маблағлар чеклангани боис, лойиҳаларни молиялаштириш ҳам ўзига яраша чегарага эга.
Фуқаролар томонидан маълум таклиф илгари сурилар экан, у жамоатчиликка очиқ тақдим этилади. Лойиҳага омма томонидан овоз берилади. Ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб деб топилади ва лойиҳалар берилган овозлар сонидан келиб чиқиб сараланади, молиялаштирилади. Жараёнда вояга етган ҳар бир фуқаро иштирок этиши мумкин.
Шунингдек, “Очиқ бюджет” порталида бюджет ташкилотларининг харажатлари ижроси, бюджетдан ташқари маблағлар тушуми ва харажатлари, давлат харидлари юзасидан маълумотларни тизимлаштирилган ҳолда туман (шаҳар)лар кесимида жойлаштириб борилади.
Исломбек Умаралиев
Мавзуга оид
16:43 / 21.02.2023
Ўзбекистонда ходимларнинг 28 фоизи 1 млн сўмгача маош олади
15:07 / 06.02.2023
Муаммоларни тезроқ ҳал қилиш имкони: “Ташаббусли бюджет” бошланди
00:04 / 17.12.2022
Парламентда 2023 йилги давлат бюджети муҳокамаси бошланди
12:46 / 05.12.2022