Жаҳон | 13:56 / 14.07.2021
5987
1 дақиқада ўқилади

Тожикистондаги Россия ҳарбийлари ўқув машғулотларини бошлади

Машғулотлар давомида шитоб билан ўзгарувчи вазиятдаги жанг шароитида ҳаракатларни режалаштириш ва амалга ошириш бўйича машқлар ўтказилади.

Тожикистонда бошланган қўмондонлик-штаб машғулотларида мамлакатда жойлашган Россия 201-ҳарбий базасининг мингга яқин ҳарбий хизматчилари қатнашмоқда. Бу ҳақда марказий ҳарбий округ матбуот хизматига таяниб Интерфакс хабар берди.

Хабарда айтилишича, машғулотлар давомида шитоб билан ўзгарувчи вазиятдаги жанг шароитида ҳаракатларни режалаштириш ва амалга ошириш бўйича машқлар ўтказилади.

“Дала қўмондонлик пунктларини шартли душманнинг радиолокацион разведка, ҳаво ҳужуми воситаларидан ва қўпорувчи-разведка гуруҳларидан яшириш машғулотларига алоҳида эътибор қаратилади”, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, машғулотларга жанговар вертолётлар ҳам жалб этилган. 

Ҳарбий ўқув машғулотлари ҳафта охиригача давом этади.

Россиянинг 201-ҳарбий базаси Душанбе ва Бохтар шаҳарларида жойлашган. База таркибига мотоўқчи, танк, артиллерия, разведка, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва алоқа бўлинмалари киради. База Ми-8-МТВ5-1 ҳарбий-транспорт вертолётлари, БМП-2М жанговар зирҳли пиёдалар машиналарига эга.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид