Жаҳон | 20:22 / 15.07.2021
4513
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳакерлар ҳақидаги ахборот учун 10 миллион доллар ваъда қилди

АҚШ кибержиноятчиларнинг шахсини ва улар қаердалигини аниқлашга ёрдам берадиган ахборот учун 10 млн доллар мукофот пули таклиф қилди. АҚШ ҳукуматини хорижий давлат ҳукумати буйруғи билан ҳаракат қилувчи ва АҚШнинг энг муҳим инфратузилмавий объектларига ҳужумлар содир этувчи ҳакерлар қизиқтирмоқда.

АҚШ давлат департаменти ҳакерлар ҳақидаги ахборотни етказиш учун даркнетда Tor браузери негизида канал ташкил этди. Бу ахборот берувчиларнинг хавфсизлигини ва анонимлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган.

АҚШда охирги ойларда киберҳудуддаги хавфсизлик мавзуси долзарб кўриниш олди. Май ойида DarkSide гуруҳи ҳакерлари АҚШнинг Colonial Pipeline компанияси компьютер тизимини бузиб киришган. АҚШ махсус хизматларининг таъкидлашича, ушбу гуруҳ Россия ёки Шарқий Европада жойлашган бўлиши мумкин, аммо бирор давлатга ишламайди. 31 май куни JBS компаниясининг АҚШдаги бўлими компьютер тармоқларига ҳужум содир этилган. Оқ уй матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳужум ортида Россияда жойлашгани тахмин қилинувчи Revil жиноий гуруҳи турган бўлиши мумкин.

АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан охирги телефон суҳбатида Россия ўз ҳудудидаги ҳакерларга нисбатан чоралар кўриши кераклигини айтган. Путин бунга жавобан кибержиноятчиларга қарши кураш борасидаги мурожаатлар ҳуқуқий механизмларга амал қилган ҳолда махсус каналлар орқали билдирилиши кераклигини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид