Ўзбекистон | 13:41 / 29.07.2021
10217
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция Ўзбекистон учун кучга кирди

Фото: Shutterstock

2021 йил 28 июлда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрдаги 61/106-сонли Резолюция билан қабул қилинган ва 2008 йил 3 май куни кучга кирган.

Конвенция Ўзбекистон Республикаси томонидан 2009 йил 27 феврал куни имзоланган ва 2021 йил 7 июнда ЎРҚ-695-сонли қонун билан ратификация қилинган эди.

Ушбу халқаро шартномада бугунги кунда 184 та давлат иштирок этади.

Конвенция 50 моддадан иборат бўлиб, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, жумладан уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш, етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

Конвенцияда қоидаларига риоя этилиши ва иштирок этувчи давлатларнинг мажбуриятларининг бажарилишини мувофиқлаштириш ва бунинг мониторингини амалга ошириш мақсадида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ташкил этилган.

Ўзбекистонда 2017 йилда Ф-5006-сонли президент фармойиши билан, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилган, президентнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5270-сонли фармони ва 2020 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги ЎРҚ-641-сонли қонуни қабул қилинган.

Конвенцияда иштирок этиш миллий қонунчиликни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда уларни халқаро норма ва стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид