Жамият | 19:20 / 31.07.2021
1486
2 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги «метан заправка»да «Жигули» ёниб кетди

Жиззах вилояти Зафаробод туманида жойлашган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасида газ олаётган «Жигули» машинаси ёниб кетган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 31 июль куни соат 13:10ларда Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Зафаробод туманида жойлашган автомобиллар сиқилган газ қуйиш шохобчаларининг бирида ёнғин келиб чиққани ва газ тўлдираётган машина ёнаётгани ҳақида маълумот келиб тушган.

Ёнғин содир бўлаётган жойга дарҳол ёнғин-қутқарув бўлинмаси юборилган. Қутқарувчилар манзилга етиб борганида шохобчада «Жигули» машинаси ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида шохобча фаолияти авария ҳолатида тўхтатилиб, у ерда бўлган бошқа транспорт воситалари ва одамлар зудлик билан хавфсиз жойга кўчирилган.

Қайд этилишича, ёнғин қисқа муддатда бартараф этилган. Аммо унгача машинанинг асосий қисми ёниб бўлган. Мазкур ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган ва тан жароҳатлари олмаган. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид