11:17 / 08.08.2021
18308

Афғонистонда АҚШ авиазарбаси натижасида 200 нафарга яқин толиб йўқ қилинди

Афғонистоннинг Жузжон вилоятида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли В-52 бомбардимончи самолёти толиблар позицияларига авиазарба бериши натижасида 200га яқин жангари йўқ қилинди. Бу ҳақда Афғонистон миллий армияси махсус корпуси матбуот хизматига таяниб “Интерфакс-Украина” ахборот агентлиги хабар берди.  

Фото: U.S. Air Force

Таъкидланишича, зарба 7 август кечки пайт Жузжон маркази Шибирғон шаҳрининг Тепаи Тагишаҳр туманида ҳукумат қўшинларига ҳужум содир этиш мақсадида тўпланган толибларга берилган. Дастлабки хабарларга кўра, 200га яқин террорчи, жумладан уларнинг етакчиси йўқ қилинган.

Маълум қилинишича, зарба билан толибларга тегишли 100дан кўпроқ мотоцикл, катта миқдорда қурол ва ўқ-дори ҳам йўқ қилинган.

Аввалроқ Жузжон вилояти тўлалигича толиблар назоратига ўтгани маълум қилинганди. Маълумотларга кўра, ҳукумат кучлари вилоят маркази Шибирғон шаҳридан 15 километр масофага чекинган.

Шунингдек, АҚШ “Толибон” жангариларига қарши курашиш учун Афғонистонга B-52 Stratofortress бомбардимончи самолётларини жўнатгани, улар Афғонистонга АҚШнинг Қатардаги ал-Удайд авиабазасидан йўл олгани маълум қилинган.

Top