Ўзбекистон | 11:35 / 10.08.2021
6764
2 дақиқада ўқилади

Германия Ўзбекистон ва Тожикистонга вакцина етказиб беради

Германия ҳукумати Ўзбекистонга 355 минг 200 доза, Тожикистонга эса 100 минг 800 доза вакцина ажратади.

Фото: AFP

Ўзбекистон ва Тожикистонга Германия томонидан коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинаси етказиб берилади. Бу Германиянинг ривожланаётган мамлакатларга ваъда қилинган ёрдамининг бир қисми сифатида СОVAX дастури доирасида тақдим қилинади.

Бу ҳақда Германия расмий вакилининг ўринбосари Улрике Деммер маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, мос равишда Тошкент ва Душанбега 355 минг 200 ва 100 минг 800 доза вакциналар ажратилади.

Бундан ташқари, Судан (357 минг 600 доза), Эфиопия (271 миг 200 доза) ва Афғонистонга (213 минг 600 доза) ҳам вакциналар ажратилиши кўзда тутилган.

21 май куни Римда бўлиб ўтган Глобал соғлиқни сақлаш масалаларига бағишланган саммитида Германиянинг СОVАХ дастури доирасида йил охиригача 30 миллион доза вакцинани ривожланаётган мамлакатларга етказиб бериши ҳақида қарор қабул қилинганди.

СОVАХ - Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эмлаш ва иммунлаштириш бўйича глобал альянс ва эпидемияга тайёргарлик бўйича инновациялар коалицияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган халқаро тизим. Дастур шартларига кўра, юқори даромадли мамлакатлар кам таъминланган мамлакатларга вакциналар сотиб олиш учун пул тўлайди. Режаларга кўра, механизм доирасида 2021 йил охиригача 2 миллиард дозада вакцина ишлаб чиқарилиши ва бутун дунё бўйлаб тенг тақсимланиши керак.

Аввалроқ, Ўзбекистонга келтирилган жами вакциналар 14 миллион 580 минг 60 дозани ташкил қилаётгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид