10:07 / 12.08.2021
17451

Тошкентда коронавирусга қарши вакцинани сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Тошкент шаҳрида Covid-19’га қарши вакцинанинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 2021 йил 6 июль куни М.М. ИИВ ЖҚББ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида З. исмли шахс интернет ижтимоий тармоғидаги «Телеграм» мессенжери орқали давлат томонидан бепул эмлаш учун берилган Covid-19’га қарши вакцинани сотаётгани ҳақида эълон бергани ҳамда ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, жорий йил 8 июль куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Лутфий кўчасида жойлашган «Гурман» кафеси рўпарасида тезкор тадбир ўтказилиб, тадбир жараёнида фуқаро А.З. фуқаро М.Я.га 186 дона «Covid-19 Yangi koronavirus recombinant vaksinasi (CHO hujayrasi) ZF-UZ VAC2001»нинг ҳар бир дозасини 150 000 сўмдан, жами 27 750 000 сўмга сотишга келишиб, ушбу пуллар ҳисобидан 1 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ўтказилган суриштирув даврида, А.З. ушбу вакциналарни Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган оилавий поликлиникалардан бирида катта ҳамшира бўлиб ишловчи Б.С.дан олгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.З. ҳамда Б.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top